Европарламентга сайловлар бошланди
Олам
−
06 Июнь
2749Европа Иттифоқида бугун, 6 июнь куни Европа парламентига сайловлар бошланади. Европа Иттифоқининг 27 давлатидаги сайловчилар Европа сиёсатидаги кучлар мувозанатини ўзгартириши мумкин бўлган сайловларда иштирок этади. Сайловларда ўта ўнгчиларнинг нисбий муваффақияти кутилмоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
6 июндан бошлаб овоз бериш ҳуқуқига эга 373 миллионга яқин европалик Европарламентнинг 720 нафар аъзосини сайлаш учун сайлов участкаларига боради. Бугун Голландия, эртага, 7 июнда Ирландия ва Малта, 8 июнь куни эса Латвия ва Словакия давлатларида овоз бериш жараёни бошланади. Европа Иттифоқининг кўплаб давлатларида овоз бериш 9 июнь куни бўлиб ўтади.
Аксарият мамлакатларда фуқаролар 18 ёшдан, Грецияда 17 ёшдан, Германия, Австрия, Бельгия ва Малтада 16 ёшдан бошлаб овоз бериши мумкин. Люксембург ва Болгария каби бир қанча мамлакатларда овоз бериш мажбурийдир.
Ҳар бир мамлакатдан депутатлар сони унинг аҳолисига мутаносиб. Европа Иттифоқининг энг кўп аҳолиси бўлган Германия 96 та, Франция 81 та, Малта, Кипр ва Люксембург эса 6 тадан ўрин олади.
Агар прогнозлар тўғри чиқса, Европарламентдаги ўта ўнгчи депутатларнинг улуши 25 фоизгача ошиши мумкин ва улар 184 ўринга эга бўлиши башорат қилинмоқда. Сўл марказчи, либерал ва яшил партиялар эса аксинча, ўз мандатларини йўқотиши кутилмоқда.
LiveБарчаси