“Порахўрлар уяси”. Алиев Европарламент ҳақида кескин гапирди
Олам
−
21:47 1441 3 дақиқа
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Европа парламентини “порахўрлар уяси” деб атади ҳамда уни иккиюзламачилик стандартлари ва исломофобияда айблади. Бу ҳақда у бугун, 15 сентябрь куни Бакуда халқаро конференциялар – Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар Мусулмон диний идоралари раҳбарлари кенгашининг VII йиғилиши ва Яҳё Бакувий номидаги Биринчи халқаро конференция иштирокчиларини қабул қилиш маросимида гапирди.
“Европа парламенти – бу порахўрлар уяси. Мен буни тўлиқ масъулият билан айтяпман”, дейди Алиев.
У Европарламент собиқ вице-президенти Ева Кайли билан боғлиқ коррупцион можарони эслатиб ўтган.
“Унинг вице-президенти уйидан чемоданларда миллионлаб доллар олиб чиқилди, улар бунинг ҳаммасини яширишди. Унинг исми маълум, у грециялик аёл депутат. У ҳибсга олинганидан бери неча йил ўтди? Унга нисбатан бирор чора кўрилдими? Йўқ! Жавобгарликка тортилдими? Йўқ! Уни озод қилишди”, дейди Озарбайжон етакчиси.
Алиевнинг сўзларига кўра, Европарламент Арманистон томони Озарбайжон ҳудудларини оккупация қилган бутун давр мобайнида Ереванни қўллаб-қувватлаган ва унга қарши бирорта ҳам санкциявий қадам ташламаган.
“Арманистон бошқа давлат ҳудудининг 20 фоизини эгаллаб олди, у ердан 700 минг кишини сиқиб чиқарди, Арманистондан 250 минг озарбайжонликни ҳайдаб юборди, барча шаҳарларни вайрон қилди. Нега сиз унга қарши санкциялар киритмайсиз? Демак, бу иккиюзламачилик стандартларидир”, дейди Президент.
Шу билан бирга Алиевнинг айтишича, Озарбайжон 2023 йил сентябрида Қорабоғ устидан назоратни тиклаганидан сўнг, Европа Кенгаши орадан атиги тўрт ой ўтиб Бакуга қарши санкциялар киритган.
“Қаранг, бу уларнинг асл башараси”, дейди у.
Озарбайжон раҳбари, шунингдек, Европа институтларидаги исломофобияга ҳам эътибор қаратган.
“Динимиз ва ислом дунёсига қарши эълон қилинмаган уруш олиб борилмоқда. Исломофобия эса унинг кичик бир қисми холос”, дейди Алиев.
Унинг фикрича, бундай босимга бирдамлик билан жавоб бериш керак. Озарбайжон етакчисининг сўзларига кўра, туркий дунё, Кавказ ва ислом дунёси бирга бўлса, ҳеч ким синдира олмайди ва ноҳақлик қилолмайди.
Маълумот учун, Алиев юқорида назарда тутган Европарламент атрофидаги можаро 2022 йил декабрида авж олган эди. Бельгия полицияси Европарламент вице-президенти, грециялик Ева Кайли, унинг отаси ва шеригини қўлга олган. Тинтувлар чоғида 1,5 миллион евродан ортиқ нақд пул мусодара қилинган – банкнота бойламлари гумонланувчиларнинг чемоданлари, сумкалари ва хонадонларидан топилган. Тергов тахминига кўра, маблағлар Форс кўрфази давлатларидан уларнинг манфаатларини Европарламентда илгари суриш эвазига келиб тушган. Иш омма орасида “Катаргейт” номини олган.
Баку ва Европа институтлари ўртасидаги муносабатлар Озарбайжон 2023 йил сентябрида Тоғли Қорабоғ устидан тўлиқ назорат ўрнатганидан сўнг ёмонлашди. 2024 йил январида Европа Кенгаши Парламент Ассамблеяси (ЕКПА) инсон ҳуқуқлари бўйича мажбуриятлар бажарилмаганини важ қилиб, Озарбайжон делегациясининг ваколатларини тасдиқлашдан бош тортди. Бунга жавобан Баку ЕКПА билан ҳамкорликни вақтинча тўхтатди, 2024 йил августида эса Озарбайжон делегациясига қарши овоз берган депутатларнинг мамлакатга киришини тақиқлади.
Live
Барчаси