Европарламент вице-президенти коррупцияда айбланиб, маҳаллий партиядан ҳайдалди
Олам
−
10 Декабрь 2022
4830Европа Парламенти вице-президенти Ева Кайли коррупцияда айбланиши ортидан Грециядаги сиёсий партиядан чиқарилди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.
Гап шундаки, кеча, 9 декабрь куни Бельгиянинг федерал прокурори маҳаллий RTBF телеканалига берган интервьюсида Европарламентнинг 14 нафар вице-президентларидан бири Форс кўрфази мамлакатлари иштирокидаги коррупция иши бўйича сўроқ қилинаётганини очиқлаган.
Прокурор ўз баёнотида қайд этишича, Бельгия федерал полицияси инспекторлари икки йилдан буён Форс кўрфазидаги мамлакатни Европарламентнинг иқтисодий ва сиёсий қарорларига таъсир кўрсатиш мақсадида Европарламентдаги муҳим шахсларга катта миқдорда пул ёки совға-саломлар берганликда гумон қилиб келган.
Федерал прокурор вице-президентнинг исмини айтмаган бўлса-да, яна уч киши сўроқ қилинаётгани, ҳибсга олинганлар орасида Европарламентнинг кекса депутати ҳам бор эканини қайд этган.
Бельгия телеканали маълумотларига кўра, тергов доирасида ўтказилган тинтувлар натижасида тахминан 600 минг евро нақд пул ва компьютер ҳамда телефон қурилмалари мусодара қилинган.
Ушбу воқеалар фонида Грециянинг асосий мухолифат партияларидан бири бўлган “Бутун юнон социалистик ҳаракати”нинг баёнотида мамлакат Президенти Никос Андрулакиснинг қарори билан Европарламент депутати Ева Кайли партиядан чиқариб юборилганини эълон қилган. Бунга “Бельгия ҳукумати томонидан Европа расмийларининг коррупциясига оид тергови” сабаб сифатида келтирилган.
Қолаверса, Кайлининг Европарламентдаги сиёсий гуруҳи – “Социалистлар ва демократларнинг прогрессив иттифоқи” ҳам 9 декабрь куни давом этаётган терговларга жавобан Кайлини гуруҳдан чиқаришларини эълон қилган.
Маълумот ўрнида, Ева Кайли 1978 йилнинг 26 октябрь куни Грециянинг Салоники шаҳрида туғилган. У 2014 йилдан Европа Парламенти депутати, 2022 йилнинг январидан Европарламент вице-президенти сифатида фаолият юритиб келмоқда.
LiveБарчаси