Европарламент Путиннинг танқидчисини озод қилишни талаб қилди
Олам
−
20 Апрель 2023
5181Бугун, 20 апрель куни Европарламент депутатлари Москва шаҳар суди томонидан қаттиқ режимли колонияда 25 йилга ҳукм қилинган мухолифатчи сиёсатчи Владимир Кара-Мурзани озод қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Бу ҳақда Европарламент сайтида чоп этилган хабарда айтилади.
Европалик депутатлар бу суд қарорини қоралаган ва Владимир Кара-Мурзани зудлик билан озод қилишни талаб қилган. Резолюцияда депутатлар Алексей Навалнийга нисбатан ҳам худди шундай илтимос билан чиқишаётгани таъкидланган.
Резолюция учун 508 депутат овоз берган, 14 депутат қарши чиққан, 31 депутат эса бетараф қолган. Бироқ айтиш жоизки, Европарламент резолюцияларида юридик куч мавжуд эмас, у фақат маслаҳат характерига эга.
Эслатиб ўтамиз, 17 апрель куни Владимир Кара-Мурза давлатга хиёнат қилиш, Россия армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш ва номақбул ташкилотга раҳбарлик қилишда айбланиб, 25 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинганди. Мазкур ҳукмдан сўнг Лондондаги Россия элчиси Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди. Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Москвадаги АҚШ, Буюк Британия ва Канада элчиларини Россия ички ишларига аралашганлик ва дипломатик мақомга тўғри келмайдиган фаолият важи билан чақиртирганди.