Европарламент Финляндия ва Швеция сабаб Туркияга таҳдид қилди

Олам

image

Европа парламенти етакчи фракцияси – Европа халқ партияси (ЕХП) раҳбари Манфред Вебер Туркия Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришига тўсқинлик қилса, альянсда яккалаб қўйилиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда у кеча, 15 май куни “Funke” медиа гуруҳига маълум қилди.

“НАТО ҳамжиҳатлигини шубҳа остида қолдирадиган ҳар бир киши бирлашма ичида яккаланиб қолади. Агар иккала давлатнинг ўзи [НАТОга аъзо бўлишни] хоҳласа, Финляндия ва Швеция унинг бир қисмидир. Уни секинлаштириш ёки блокировка қилиш учун ҳеч қандай сабаб йўқ”, деган Вебер.

Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 13 май куни Финляндия ва Швециянинг НАТОга қўшилиш имкониятини ижобий деб ҳисобламаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу давлатлар террорчилик ташкилотлари, хусусан, Туркияда тақиқланган Курдистон меҳнаткашлар Партияси аъзолари учун “меҳмон уйи”га айланган.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

15 май куни Финляндия ҳам, Швеция ҳам НАТОга аъзо бўлишга қарор қилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Туркия Швеция Финляндия

Баҳолаганлар

129

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг