Европани қийнаган жазирама: 35 мингдан ортиқ ўлим қайд этилди
Олам
−
15:29 654 2 дақиқа
Жорий ёзда Европада кузатилган кетма-кет тўртта рекорд даражадаги жазирама тўлқини сабаб камида 35 минг киши вафот этди. Якуний рақам бундан анча юқори бўлиши мумкин. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳисоб-китоблар ҳозирча қитъанинг қарийб ярмидаги маълумотларни қамраб олган. Август ойидаги ўлимлар эса ҳали тўлиқ ҳисобланмаган.
Германия, Франция ва Испаниянинг ўзида жазирама билан боғлиқ ўлимлар 25 мингдан ошган. Германияда 6 апрель – 9 август оралиғида иссиқ ҳаво сабаб тахминан 14 минг киши вафот этгани маълум қилинган. Шундан 9,6 минг нафари 22-28 июнь кунлари ҳалок бўлган.
Испанияда эса май ойидан шу ҳафтагача 4 947 киши жазирама сабаб вафот этгани қайд этилган. Бу мамлакатда иссиқ ҳаво билан боғлиқ ўлимлар бўйича 2026 йилни рекорд йилга айлантирган. Аввалги энг юқори кўрсаткич 2022 йилда 4 520 тани ташкил қилган.
Францияда май ойининг охиридан 22 июлгача барча сабабларга кўра 7 300 та ўлим қайд этилган. Август ойидаги кўрсаткичлар эса ҳали эълон қилинмаган. Шунингдек, Буюк Британияда май ва июнь ойларидаги жазирамалар сабаб Англияда 2 877 киши вафот этгани айтилган. Белгияда 18–29 июнь кунлари 1 222 та, Нидерландияда эса 22 июнь–5 июль оралиғида камида 900 та ўлим қайд этилган.
Польшада июнь охиридаги жазирама вақтида 1 070 киши, Швейцарияда эса 220 киши иссиқ ҳаво сабаб вафот этган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, иссиқ ҳаво кўпинча ўлимнинг бевосита сабаби сифатида қайд этилмайди. Жазирама юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликларини кучайтириб, юрак хуружи, инсульт ёки буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, Европада иссиқ ҳаво билан боғлиқ ўлимлар сўнгги 20 йил ичида 30 фоиздан кўпроққа ошган. Ташкилот иқлим ўзгариши ва аҳолининг қариб бориши сабаб бу кўрсаткич келгусида янада ошиши мумкинлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июнь ойида Европани қамраб олган кучли иссиқ тўлқини даврида Франция, Бельгия ва Нидерландияда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, камида 3 700 нафардан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган эди.
Live
Барчаси