Германияда иссиқ ҳаво 14 минг кишининг ёстиғини қуритди

Олам

image

Германияда жорий йил 6 апрелдан 9 августгача бўлган даврда аномал иссиқ ҳарорат билан боғлиқ ўлимлар сони тахминан 14 000 тани ташкил этди. Бу ҳақда кеча, 20 август куни эълон қилинган Роберт Кох номидаги институтнинг (RKI) навбатдаги ҳафталик ҳисоботида сўз боради.

Олимларнинг билдиришича, ушбу баҳо пасайтириб кўрсатилган бўлиб, реалликда иссиқдан келиб чиққан ўлим ҳолатлари сони бундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Гап ҳар 100 минг аҳолига тахминан 17 та ўлим ҳолати ҳақида бормоқда. Бу охирги 10 йил ичидаги энг юқори кўрсаткич. Таққослаш учун, 2018 йилда иссиқ туфайли 8 900 киши ҳалок бўлган.

Юқори ҳарорат энг оғир зарбани 85+ ёш гуруҳидаги аҳолига етказган (7 040 киши вафот этган). Тахминан 3 450 та ўлим ҳолати 75 ёшдан 84 ёшгача бўлганлар, 2 170 таси 65 ёшдан 74 ёшгача бўлганлар ҳиссасига тўғри келади. 65 ёшдан кичик бўлганлар орасида 1 320 та ўлимни қайд этилган. Умуман олганда, ўлим кўрсаткичи эркакларга қараганда аёллар орасида юқорироқ. Бироқ бу кексалар орасида аёллар улушининг кўплиги билан изоҳланади.

Кўпгина ҳолатлар иссиқлик билан боғлиқ деб қайд этилмайди, чунки ўлим ҳақидаги гувоҳномаларда, масалан, аъзолар фаолиятининг тўхташи кўрсатилади. Кўпинча ўлимга юқори ҳарорат ва юрак-қон томир, ўпка ёки буйрак каби мавжуд ҳамроҳ касалликларнинг комбинацияси олиб келади.

Статистикага кўра, экстремал юқори ҳарорат Саар ва Рейнланд-Пфальц федерал ерлари аҳолисига энг кучли зарба берган. У ерда иссиқ туфайли тегишлича ҳар 100 минг аҳолига 46 ва 42 киши вафот этган. Гессен ва Баден-Вюртембергда бу кўрсаткич бир оз пастроқ – 31 ва 28.

Аввалроқ собиқ соғлиқни сақлаш вазири Карл Лаутербах аномал иссиқлик оқибатларига қарши курашиш чораларини кучайтириш тарафдори бўлиб чиққан. “Rheinische Post” газетасига берган интервьюсида Германия Социал-демократик партиясидан Бундестаг депутати бутун мамлакат бўйлаб, хусусан, иссиқлик масалалари бўйича ахборот порталлари ва ишонч телефонларини жорий этишни таклиф қилган.

Германия Федерал атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилиш вазирлиги давлат котиби Йохен Фласбарт 2027 йил ёзига қадар экстремал иссиқликка қарши курашиш бўйича миллий режа тузиш таклифи билан чиққан. Германия шаҳарлари бирлашмаси раҳбари, Лейпциг обербургомистри Буркхард Юнг эса “Redaktionsnetzwerk Deutschland” (RND) медиа гуруҳи нашрларига берган интервьюсида иссиқлик ва иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш чораларини молиялаштиришни ГФР Асосий қонунида мустаҳкамлаб қўйишга чақирган.

Шу билан бирга, Германия шифохоналар жамияти тиббиёт муассасаларида совитиш тизимларини модернизация қилиш ўта зарурлигини кўрсатиб ўтган. Ташкилот маълумотларига кўра, ҳозирда немис клиникаларидаги палаталарнинг фақат кичик бир қисми кондиционерлар билан жиҳозланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда жазирама қурбонлари сони 12,5 мингга етгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг