Путин билан учрашган Венгрия Бош вазири танқид остида қолди
Олам
−
27 Октябрь 2023
12709Европа Иттифоқи Венгрия Бош вазири Виктор Орбандан Россия Президенти Владимир Путин билан музокаралари бўйича шаффофликни кутмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляен ЕИ саммити якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
“Раҳбарларнинг умумий ёндашуви шундан иборат эдики, ҳар бир етакчи ўз суҳбатдошини танлаш ҳуқуқига эга, аммо агар муҳокамалар мазмуни Европа Иттифоқи ёки Европа бирлигига тааллуқли бўлса, биз ҳам ўзаро келишувлардан хабардор бўлишимиз керак", деган у саммит иштирокчиларининг бунга унинг муносабати ҳақидаги саволига жавобан.
Фон дер Ляен, шунингдек, журналистларни Европа Иттифоқи саммити вақтида Виктор Орбан билан икки томонлама учрашмаганига ишонтирган.
Ўз навбатида, Франция Президенти Эммануэль Макрон ҳам Орбанни Путин билан Хитойдаги учрашуви учун танқид қилган. Унинг фикрича, Европа Иттифоқи ҳамкорлари билан “мувофиқлаштирилмаган” бундай ҳаракатлар европаликларнинг ташқи сиёсий позициясини заифлаштиради.
"Бизнинг дастурхонимиз атрофида ўтирган барча давлат ва ҳукумат раҳбарларини ҳурмат қиламан, уларнинг ҳар бири ўз суверенитетига эга. Биз, албатта, уларнинг бирортасига у ёки бу хорижий давлат раҳбари билан учрашувини тақиқлай олмаймиз. Лекин мен содиқликни кутаман. Ҳозирги вазиятда Россия билан муносабатларга келсак, бундай икки томонлама алоқалардан ўз-ўзидан орамиздаги бирликни заифлаштириши мумкин бўлган аниқ масалаларни муҳокама қилиш учун фойдаланиб бўлмайди”, деган Макрон.
Бир неча кун олдин Орбан томонидан айтилган ЕИнинг амалдаги раҳбарияти ва СССР раҳбарияти ўртасидаги таққослашни шарҳлар экан, Франция раҳбари Будапештнинг ЕИга ихтиёрий равишда қўшилганини таъкидлаган.
"Аммо уларнинг суверен танлови чекловларни ҳам назарда тутади, чунки биз барчамиз суверенитетимизнинг бир қисмини Европага топширишга қарор қилдик", дейди Франция етакчиси.
Маълумот учун, Путин ва Орбан жорий йилнинг 17 октябрь куни Пекинда бўлиб ўтаётган “Бир макон, бир йўл” форуми доирасида учрашган. Кейинроқ Россия Президенти Пекинда журналистлар билан суҳбатда Орбанни "руспарастликда айблаш бемаънилик" деб айтган.
"Унинг россияпараст кайфияти йўқ, у венгрияпараст сиёсатчи", деган Путин.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Виктор Орбан Европа Иттифоқини яна танқид қилиб, уни собиқ иттифоқ билан қиёслаган ва уни СССРнинг “ёмон пародияси” деб атаганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь