Орбан Европа Иттифоқини собиқ СССРга қиёслади
Олам
−
24 Октябрь 2023
9502Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқини яна танқид қилиб, уни собиқ Иттифоқ билан қиёслади ва уни СССРнинг “ёмон пародияси” деб атади. Бу ҳақда у кеча, 23 октябрь куни мамлакат миллий байрамидаги нутқида айтиб ўтди.
"Баъзида тарих такрорланади. Москва фожиа эди. Брюссель шунчаки ёмон замонавий пародия. Биз Москва оҳангига рақсга тушишимиз керак эди. Брюссель ҳам куй чалади, лекин биз хоҳлаганча ва хоҳлаган вақтда рақсга тушамиз", дейди Орбан.
Шу билан бирга, Орбан Европа Иттифоқи мисолида ҳали ҳам умид борлигини таъкидлаган.
"Москвани энди тузатиб бўлмайди, лекин Брюссель ва Европа Иттифоқини тузатиш мумкин", дейди у келаси йилга режалаштирилган Европа парламенти сайловларига ишора қилиб.
Венгрия Бош вазири бу сайловда ҳамфикр партиялар ғалаба қозониб, Брюсселни миграция каби масалаларда йўналишини ўзгартиришга мажбур қилишига умид қилмоқда.
23 октябрь куни венгерлар Венгриянинг бир партиявий диктатураси ва Совет Иттифоқи таъсирига қарши 1956 йилги халқ қўзғолони бошланишини хотирлашади. 1989 йилда Венгрияда коммунистик тузум қулаганидан кейин 23 октябрь бу мамлакатда миллий байрам деб эълон қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Орбан Украинанинг НАТОга қўшилишини рад этиб, Путин билан “келишувга” чақирганди.