Еврокомиссия Туркияни демократиядан чекинишда айблади
Олам
−
09 Ноябрь 2023
4726Европа Комиссияси Туркиянинг демократиядан ортга қайтаётгани, Шимолий Кипрни ҳарбийлаштиришни давом эттириб, ҲАМАСга тарафкашлик қилаётганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда кеча, 8 ноябрь куни Брюсселда эълон қилинган Туркиянинг Европа Иттифоқига қўшилиши ҳақидаги Еврокомиссия ҳисоботида айтиб ўтилди.
Ҳужжатда Туркия Европа Иттифоқидан узоқлашишни давом эттиргани ва ЕИга аъзо бўлиш мажбуриятини бир неча бор билдирганига қарамай, ислоҳотлар билан боғлиқ салбий тенденцияни ўзгартирмагани айтилади.
“Европа Иттифоқининг демократик стандартлар, қонун устуворлиги, суд ҳокимияти мустақиллиги ва асосий ҳуқуқларга ҳурмат ҳақидаги жиддий хавотирлари кўриб чиқилмаган”, дейилади ҳисоботда.
Еврокомиссия Туркия Европа судининг бир қатор қарорларини бажаришдан бош тортган ҳолда суд тизими ва коррупцияга қарши кураш каби соҳаларда тайёргарликнинг "илк босқичида" қолаётганини маълум қилган.
Ҳисоботда айтилишича, Туркияда инсон ва асосий ҳуқуқлар ёмонлашаётгани, фуқаролик жамияти муаммолари бўйича "жиддий орқага қайтиш" давом этаётгани, сиёсий плюрализм эса мухолифат партиялари ва сиёсатчиларнинг айбловлар ва кўча қонунлари билан нишонга олиниши кузатилмоқда.
Шунингдек, Еврокомиссия Анқаранинг ташқи сиёсатга оид бир қанча масалалар бўйича позицияси ҳам блок позициясига "қарама-қарши" қолаётганини таъкидлаган.
“Унинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик сиёсати бўйича Европа Иттифоқи билан ҳамоҳанглиги бу йил атиги 10 фоизни ташкил этади, бу 2022 йилдаги 8 фоиздан қўрқинчли ўсишдир”, дейилади ҳисоботда.
Қайд этилишича, номзод давлатлардан блокнинг бошқа давлатларга нисбатан қўллаган санкцияларига мос ҳаракат қилиши кутилади, аммо Туркия Европа Иттифоқининг Россияга қўйган 11 та чекловчи чораларнинг ҳеч бирини маъқулламаган.
Бундан ташқари, Еврокомиссия Туркиянинг Яқин Шарқ борасидаги позициясини ҳам қоралаган.
“Туркиянинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга қарши ҳужумлари ортидан ҲАМАС гуруҳини қўллаб-қувватлаш риторикаси Европа Иттифоқининг ёндашувига мутлақо зид”, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, Туркия Кипр Республикасини тан олишни рад этишда давом этаётгани ва Ўрта Ер денгизининг шарқий қисмидаги оролда “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига зид равишда” икки давлат ечими тарафдори бўлгани сабабли, Кипр масаласида ҳеч қандай муваффақиятга эришилмагани айтилган.
Комиссия ҳисоботида айтилишича, Кипрнинг денгиз зоналарида турк ҳарбий машғулотлари, шунингдек, Кипр ҳаво ҳудудининг бузилиши, "Кипр балиқ овлаш кемаларини таъқиб қилиш" давом этмоқда.
Комиссия камдан-кам учрайдиган ижобий эслатмалар қаторида, ҳисобот даврида Шарқий Ўрта Ер денгизида Туркия томонидан рухсат этилмаган бурғилаш ишлари бўлмагани ва Греция билан муносабатлар 2023 йил феврал ойида 50 000 дан ортиқ одамнинг ўлимига олиб келган Туркия ва Суриядаги даҳшатли зилзиладан кейин яхшилангани қайд этилган.
“2023 йил феврал ойи ҳолатига кўра, Греция ҳаво ҳудудининг бузилиши кескин камайди ва Греция аҳолиси яшайдиган ҳудудлар устидан ҳеч қандай парвозлар қайд этилмади”, дейилади ҳисоботда.
Маълумот учун, Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш истаги 2005 йилда аъзолик бўйича музокаралар бошлаганидан сўнг йиллар давомида музлатиб қўйилган. Анқара ўтган йилларда Комиссиянинг бундай танқидларини нохолис деб баҳолаган.