Крокус терактига алоқадор 5 киши Туркияда судланмоқда
Олам
−
02 Январь
6972Истанбул прокуратураси 2024 йил 22 март куни Россиянинг Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига қуролли ҳужум уюштирганликда гумон қилинган ИШИД террорчилик ташкилоти тарафдорлари бўлган беш нафар хорижий фуқарога нисбатан айблов эълон қилди. Бу ҳақда бугун, 2 январь куни "Анадолу" агентлиги хабар берди.
Айблов хулосасида қайд этилишича, Хофизхон Усмонов, Мутеулло Асоев, Раҳматулло Солиҳов, Муҳаммадраҳим Фаизов ва Ҳамза Муҳаммад Москвадаги теракт ижрочилари – Шамсиддин Фаридуни ва Саидакрами Ражабализодалар билан алоқадор бўлган.
Агентлик Асоев ва Москвадаги "Вегас" савдо марказида портлаш уюштириш таклиф қилинган теракт иштирокчиларидан бири ўртасидаги ёзишмаларга таянган. Потенциал пудратчига 800 минг рубль, Беларусь чегарасига етказиб бериш, Беларусда вақтинчалик уй-жой ва янги ҳужжатлар ваъда қилинган. "Вегас" савдо марказларидан бири эса “Крокус Сити Ҳолл” билан бир хил қурилиш мажмуасида жойлашган ва ҳужум вақтида эвакуация қилинган.
Истанбул прокурори айбланувчиларни “қуролли террор ташкилотига аъзолик” учун 7,5 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум этишни талаб қилмоқда.
Маълумот учун, Москва яқинидаги Красногорскдаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залига ҳужум 2024 йил 22 март куни содир бўлди. Қуролланган одамлар бинога бостириб кириб, ўт очишди, бир неча портлашлар эшитилди ва ёнғин бошланди. Расмий маълумотларга кўра, 145 киши теракт қурбони бўлган, 551 киши жароҳатланган.
Ҳужум учун жавобгарликни ИШИД террорчилик ташкилотининг “Вилояти Хуросон” гуруҳи ўз зиммасига олди.
Россиянинг “Крокус Сити Ҳолл”идаги теракт юзасидан олиб борилган тергов доирасида 20 киши, жумладан, ҳужумни содир этганликда гумон қилинган тўрт нафар шахс қўлга олинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Москванинг Басманний туман суди “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида теракт содир этишда айбланган тўрт нафар шахсни ҳибсда сақлаш муддатини узайтирганди. Суд тергов органларининг илтимосномасини қаноатлантирган ва Муродали Рачабализод, Муҳаммадсобир Файзов, Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини 3 ойга, жами 10 ой 28 суткага узайтирган. Судланувчиларнинг тўрт нафари ҳам 2025 йилнинг 22 февралига қадар ҳибсда бўлади.
LiveБарчаси