Ереван Бакуга қарши руслардан нажот сўради. Озарбайжоннинг жавоби узоқ куттирмади

Олам

image

Арманистон Озарбайжон ҳарбийларини Қорбоғнинг Россия тинчликпарвар кучлари назоратидаги қисмига кирганликда айблаб, рус ҳарбийлари бунга тегишли чора кўришини кутмоқда. Бу ҳақда Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилган.

“Биз Озарбайжон Қуролли Кучларининг Россия тинчликпарвар контингенти масъулият зонасида Тоғли Қорабоғга бостириб кириши давом этаётганини, бу илова қилинган хариталарда акс эттирилганлигини айтишга мажбурмиз. Биз Россиянинг Тоғли Қорабоғдаги тинчликпарвар кучлари Озарбайжон бўлинмаларининг тинчликпарвар кучлар масъулияти зонасига бостириб киришини тўхтатиш ва Озарбайжон қуролли кучларини олиб чиқиб кетиш бўйича аниқ чоралар кўришини кутамиз”, дейилади Арманистон ТИВ баёнотида.

Ереван ҳодиса юзасидан тегишли суриштирувлани ўтказиш ва қатор саволларга жавоб бериш кераклигини таъкидламоқда.

Озарбайжон Ташқи ишлар вазирлиги Арманистоннинг Қорабоғдаги ҳолат бўйича келтирган ҳолатлани қатъиян рад этган ва уларни ёлғон эканини таъкидлаган.

Баку аввало Ереванга Озарбайжоннинг суверен ҳудудлари ҳақида айтилган изоҳлар бу давлат томонидан мамлакатнинг ички ишларига аралашиш ва халқаро ҳуқуқ нормаларини бузишга уриниш эканини эслатиб қўйган.

Озарбайжон Арманистон 2020 йил 9-10 ноябрдаги уч томонлама баёнотни бажармасдан, икки давлатнинг урушдан кейинги муносабатларни тиклаш жараёнига зарба берганини таъкидлаган.

“Айнан Арманистон можародан кейинги босқичда Озарбайжонга нисбатан очиқ ҳудудий даъволарини давом эттирмоқда, жумладан, Ташқи ишлар вазирлигида ҳам кўтармоқда. Айнан Арманистон, уч томонлама баёнотнинг 4-бандига зид равишда, қуролли кучларининг қолдиқларини минтақадан ҳалигача олиб чиқмаган. Арманистон баёнотнинг 6-моддасига зид равишда Лочин йўлаги орқали минтақага қўшин юборишда давом этмоқда. Бу факт халқаро ОАВ томонидан тасдиқланди”, дейилади Озарбайжон ТИВ баёнотида.

Расмий Баку Озарбайжон томонининг талаби мамлакатнинг Қорабоғ ҳудудида яшовчи арман миллатига мансуб фуқароларга эмас, балки уч томонлама келишувда кўрсатилганидек, ноқонуний арман ҳарбий тузилмалари қолдиқларини ҳудуддан чиқаришга тааллуқли эканини таъкидлаган.

26 март куни Россия Мудофаа вазирлиги Озарбайжон қўшинлари Қорабоғдаги Россия тинчликпарвар контингенти жавобгарлик зонасига киргани ҳақида баёнот берди. Якшанба куни кечқурун Россия Мудофаа вазирлиги Баку қўшинларини Қорабоғнинг Фарух (Фаррух) аҳоли пунктидан олиб чиққани ҳақида маълум қилди.

Бироқ Озарбайжон Мудофаа вазирлиги уч томонлама келишув шартларини бузганини рад этди. Шунингдек, Фаррух қишлоғидан қўшинлар чиқарилганини ҳам инкор этди.

Бу орада тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасида ҳарбий ҳолат эълон қилинди.

Қорабоғ уруши 

Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди. 

Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

245

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг