ЕИ Россиянинг музлатилган активларидан Украинага ҳарбий ёрдам ажратмоқчи
Олам
−
24 Июнь
4349Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Россиянинг Ғарбда музлатилган активларидан тушган маблағ ҳисобидан Украинага 1,4 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратишга қарор қилди. Бу ҳақда UNN хабар берди.
Қайд этилишича, ҳарбий ёрдам учун ажратилаётган пул ёрдам фонди орқали Украинага юборилган, аммо тўловлар Венгрия томонидан блокланган.
"Европа Иттифоқи Кенгашининг юридик хизмати Будапешт бу тўловларни тўхтата олмаслигини айтди. Чунки у шу йил бошида Украинага ёрдам фондини яратиш бўйича овоз беришда бетараф қолганди. Вақтинчалилик ечим топишга имкон берувчи сабаб бу — маблағларнинг Европа Иттифоқидан келмаслигидир”, дея ёзган нашр.
Нашрга кўра, пуллар ёрдам фондида бўлгани каби харажатларни қоплаш учун эмас, балки ўқ-дорилар ва ҳаво мудофааси тизими компонентларини тўғридан-тўғри сотиб олиш учун ишлатилади. Маблағнинг чорак қисми харидларга сарфланади.
Музлатилган активлардан Украинага тушадиган фойда миқдорининг якуний кўрсаткичи ҳали аниқ эмас, бироқ дипломатларнинг айтишича, бу 1,2 миллиард евродан 1,4 миллиард еврогача бўлган суммани ташкил қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи 2022-2023 йилларда музлатилган Россия активларини инвестиция қилишдан олинган 5 миллиард евро даромадни Украинага ўтказмасликка қарор қилганди. Жорий йилнинг май ойида ЕИ давлатлари музлатилган активларидан тушган маблағларни Украинани қўллаб-қувватлаш учун ишлатиш режасини маъқуллади. Шунингдек, Европа кенгаши Россияга қарши иқтисодий ва индивидуал санкцияларнинг 14-пакетини қабул қилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси