ЕИ Киевга ёрдам беришдан бош тортгани учун Венгрия иқтисодига путур етказмоқчи – FT
Олам
−
29 Январь
5245Европа Иттифоқи, агар Будапешт Украинага янги ёрдам пакетини ёқлашдан бош тортса, Венгрия иқтисодига путур етказиш режасини ишлаб чиқмоқда. Бу ҳақда Британиянинг “The Financial Times” газетаси ўз қўлига тушган ЕИнинг ички ҳужжатига таяниб, хабар берди.
Маълумотларга кўра, Брюссель Венгрия форинти (пул бирлиги) курсини пасайтирмоқчи ва мамлакат иқтисодиётининг иш ўринлари ва ўсишига зарар етказиш мақсадида Венгриянинг инвестицион жозибадорлигини пасайтирмоқчи.
Қайд этилишича, агар Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ён бермаса, Европа Иттифоқи раҳбарияти “бозорларни қўрқитиш” ниятида Будапештни молиялаштиришни тўлиқ тўхтатишини очиқ эълон қилиши мумкин.
Венгриянинг Европа Иттифоқи ишлари бўйича вазири Янош Бока FT'га бундай таҳдидлардан бехабарлигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, Будапешт босимга берилмаяпти.
"Венгрия Украинани қўллаб-қувватлаш ва Европа Иттифоқи фондларига кириш ўртасида боғлиқлик йўқ ва бошқа мамлакатларнинг бундай алоқага киришига қарши. Венгрия музокараларда конструктив иштирок этишда давом этади”, дейди Бока.
Вазирнинг қайд этишича, шанба куни Венгрия Брюсселга янги муроса таклифини юбориб, Украинага ёрдам бериш учун Европа Иттифоқи бюджети маблағларидан фойдаланишга ва Киев эҳтиёжларини қоплаш учун жамият қарзини чиқаришга розилик берган. Бунинг учун Европа Иттифоқи келишувга Будапештга келажакда ўз қарорини ўзгартириш имконияти ҳақида банд қўшиши керак.
Ўз навбатида, Европа Иттифоқи Кенгаши вакили матбуотда сизиб чиққан маълумотларга изоҳ бермаслигини айтган. Шу билан бирга, нашрга интервью берган Европа Иттифоқи дипломатик доираларидаги манбалар кўплаб давлатлар бу режани қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Шу билан бирга, дипломатлардан бири FT учун шарҳида бундай муҳокамаларни шантаж деб атаган.
2023 йилнинг 14-15 декабрь кунлари Брюсселда бўлиб ўтган ЕИ саммитида Орбан Европа Иттифоқининг 2024-2027 йилларга мўлжалланган бюджетига Украинага 50 миллиард евро ажратишни назарда тутувчи тузатишларни блоклаган эди.
Венгрия Киевга ҳар йили маблағ сарфланишини қаттиқ назорат қилган ҳолда молиявий ёрдам кўрсатишни таклиф қилган. Жорий йилнинг 1 февраль куни Бельгия пойтахтида бўлиб ўтадиган саммитда бу масала жамият етакчилари томонидан яна муҳокама қилинади.