ЕИ Канадага биринчи ассоциацияланган аъзо бўлишни таклиф қилди

Олам

image

Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Канадага Европа Иттифоқининг биринчи ассоциацияланган аъзоси бўлиш имкониятини очишни таклиф қилди. Бу ҳақда фон дер Ляйен кеча, 16 сентябрь куни Страсбургда Европа парламентидаги ЕИнинг йиллик ҳолатга бағишланган нутқи вақтида сўз очди.

Унинг сўзларига кўра, бугунги очиқдан-очиқ душманона дунё шароитида иттифоқчилар ўртасида янги алоқаларни шакллантириш зарур.

“Биз ҳамкорликларимизни зудлик билан қайта кўриб чиқишимиз керак. Шунинг учун Канада ЕИнинг биринчи ассоциацияланган аъзоси бўлиши учун эшикни очиш устида сиз билан ишлашни истайман”, деган фон дер Ляйен.

Европа парламенти депутатлари бу таклифни олқишлаган. Фон дер Ляйен сўнгра Европа парламентида бўлган Канада Бош вазири Марк Карни билан кўришган.

Фон дер Ляйен ЕИ ва Канада сунъий интеллектдан иқлим ўзгаришигача, Арктикадан геосиёсатгача бўлган масалаларда дунёга бир хил нуқтаи назардан қарашини айтган. У икки томон Украина, мудофаа, хомашё ва таъминот занжирлари масалаларида ҳамкорлик қилиб келаётганини таъкидлаган.

“Энг муҳими, Европа ва Канада демократияга ишонади”, деган у.

Карни фон дер Ляйеннинг таклифини келажакда анча кучли ва улканроқ иттифоқ қуриш имконияти сифатида олқишлаган. Унинг офиси тарқатган баёнотда Канада ва Европа стратегик имкониятларнинг кенг доирасида чуқур ҳамкорлик орқали стратегик мустақилликни таъминлаши кераклиги айтилган.

Бироқ Карни ўз баёнотида Канада ЕИнинг ассоциацияланган аъзоси бўлиши масаласини тилга олмаган.

Фон дер Ляйеннинг таклифи ЕИга аъзо давлатлар томонидан маъқулланиши керак. Ассоциацияланган аъзо мақоми ҳозирча Европа Иттифоқи шартномаларида назарда тутилмаган.

ЕИ илгари ҳуқуқий мақоми аниқ белгиланмаган мослашувчан ҳамкорлик шаклларига эҳтиёткорлик билан ёндашган. Германиянинг жорий йил май ойида Украинани ЕИга тўлиқ қўшилишга тайёргарлик босқичи сифатида ассоциацияланган аъзо қилиш таклифи ҳам иттифоқ давлатлари томонидан илиқ қабул қилинмаган.

ЕИнинг бир дипломати фон дер Ляйен таклифидан ҳайратланганини билдириб, б“у нимани англатишини ҳеч ким аслида билмайди”, деган. У Европа Комиссияси раҳбари ҳали амалга ошира олмайдиган ваъдаларни бериб қўйиши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Канада ва ЕИ ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш ташаббуси Оттаванинг АҚШ билан савдо музокаралари барбод бўлганидан кейин илгари сурилмоқда. Бу эса икки давлат ўртасида тарифлар бўйича бир қатор чора ва жавоб чораларига олиб келган.

Карни келгуси ўн йилда АҚШдан ташқари давлатлар билан савдо ҳажмини икки баробар оширишга ваъда берган.

Фон дер Ляйеннинг айтишича, ЕИ ва Канада ишлаб чиқариш, технология, мудофаа саноати, Арктика, сунъий интеллект, энергетика ва муҳим минераллар соҳаларида ҳамкорлик қилади.

“Биз ақлли ишлаб чиқариш устида ишлаймиз. Технологик иттифоқ тузамиз. Мудофаа саноати базаларимизни интеграция қиламиз. Арктикани қўшма лойиҳаларимизнинг асосий йўналишига айлантирамиз”, деган у.

Фон дер Ляйен бундай ҳамкорлик ҳеч кимга қарши эмаслигини ҳам таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Канада Европа Иттифоқининг Украинага ажратиладиган 90 миллиард евролик кредит дастурига қўшилмоқчилиги хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг