Яшнобод ҳокими ўринбосарининг буйруқбозлиги устидан махсус комиссия иш бошлади. Мансабдорлар бўшатилиши мумкин
Жамият
−
05 Июль 2019
7329Кеча, 4 июль куни QALAMPIR.UZ нашрида муаллиф Акбар Жияновнинг “Яшнобод ҳокими ўринбосари ва МТ бўлими мудирининг суҳбати Тошкентдаги кўзбўямачиликни фош қилди (аудио)” номли журналистик суриштируви эълон қилинган эди. Унда Яшнобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Шерзод Зуфаров ва туман мактабгача таълим бўлими бошлиғи Вилоят Акромованинг телефондаги суҳбати акс этганди. Аудионутқда ҳоким ўринбосари Ш.М.Зуфаров туман МТ бўлими мудири В.Акромовага омборни тўлдириб қўйиш кераклиги, текширув келиб-кетгач, маҳсулотларни МТМ мудиралари уйига олиб кетиши мумкинлигини айтган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги QALAMPIR.UZ’да эълон қилинган аудиоёзув ва мақола бўйича ўрганиш олиб бораётгани, махсус комиссия тузилганини маълум қилди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий хабарида шундай дейилади:
“2019 йилнинг 4 июль куни QALAMPIR.UZ сайтида Яшнобод тумани ҳокими ўринбосарининг туман Мактабгача таълим бўлими бошлиғи билан суҳбати эълон қилинди.
Унда ҳоким ўринбосари боғчаларни назоратчилар текшираётгани ва улар асосан омбор ва ошхона билан танишаётганлигини таъкидлаб, ушбу текширув пайтида камчиликлар аниқланмаслиги учун барча МТМлари мудиралари бозордан барра озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилиб, омборхоналарига қўйишлари, ошхоналарини саришта сақлашлари ҳақида топшириқ берган ва текширув тугаганидан сўнг харид қилинган маҳсулотларни уйларига олиб кетишлари мумкинлигини айтган.
Шу муносабат билан Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Тошкент шаҳар МТБ ҳамкорлигида махсус комиссия тузилди ҳамда ҳозирда ушбу иш бўйича суриштирув олиб борилмоқда. Бундай ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли барча чоралар кўрилади, зарур бўлса, мансабдор шахслар ҳам ишдан бўшатилади.
Бундан ташқари махсус комиссия пойтахтимиздаги барча МТМларда бўлиб, уларнинг мудиралари иштирокисиз тарбияланувчиларнинг ота-оналари билан учрашади ҳамда боғчалардаги таомнома ва болаларнинг овқатланиш сифатини ўрганади”.
LiveБарчаси