Японияда доимий яшаш рухсатномаси тўлови 20 баробарга ошди
Олам
−
12:56 658 2 дақиқа
Японияда чет элликлар учун доимий яшаш рухсатномасини олиш тўлови 20 баробарга оширилиб, 200 минг иенага етказилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Қайд этилишича, янги тартиб кеча, 1 октябрдан кучга кирган. Нарх ошишидан олдин ҳужжат топширишга улгуриш учун Токио иммиграция идораси олдида узун навбатлар юзага келган. Айрим фуқаролар 7 соатдан ортиқ кутган.
Доимий яшаш рухсатномасига даъвогарлар эндиликда нафақат юқори тўловни амалга ошириши, балки барқарор даромадга эга бўлиши, пенсия бадалларини тўлаши ва япон тилини билиши бўйича янги талабларга ҳам жавоб бериши керак.
1 октябрдан чет элликларнинг яшаш мақомини ўзгартириш ёки муддатини узайтириш учун тўлов ҳам оширилди. У қолиш муддатига қараб 10 минг иенадан 75 минг иенагача этиб белгиланган. Молиявий қийинчиликка дуч келганлар ҳамда қочқин мақомига эга шахсларга чегирмалар берилиши кўзда тутилган.
Шунингдек, доимий яшаш рухсатномасини олишни истаганлар Япониядаги ўртача кўрсаткичдан кам бўлмаган барқарор даромадга эга бўлиши керак. 2024 йилда мамлакатда уй хўжаликларининг ўртача йиллик даромади 5,75 млн иенани ташкил этган.
Келаси йил апрелидан эса талаблар янада кучайтирилади. Жумладан, доимий яшашга даъвогарлар япон тилини бошланғич даражада билишини тасдиқлаши керак бўлади. Шу сабабли, япон тили мактабларига ҳамда тил билиш бўйича имтиҳонларга талаб ошгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, Японияда хорижликлар сони 2025 йил охирида 4,12 млн нафардан ошган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичга нисбатан 9,5 фоиз кўп.
Эслатиб ўтамиз, Япония жорий йил 1 июлдан бошлаб хориж фуқаролари учун виза расмийлаштириш нархини беш баробарга оширгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь