Япония виза нархини беш баробарга оширади
Олам
−
20 Июнь 1260 3 дақиқа
Япония жорий йил 1 июлдан бошлаб хориж фуқаролари учун виза расмийлаштириш нархини беш баробарга оширмоқда. Бу виза тарифларининг сўнгги 48 йил ичидаги илк бор қайта кўриб чиқилиши. Бу ҳақда “The Economic Times” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қарор кеча, 19 июнь куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида маъқулланган. Расмийлар тўловларнинг ошишини мамлакатдаги хорижликлар сони ортиб бораётгани фонида кўпайиб бораётган маъмурий харажатларни қоплаш зарурати билан изоҳламоқда.
Янги тарифларга кўра, бир марталик виза нархи 3 минг иенадан 15 минг иенагача (тахминан 93 доллар), кўп марталик виза эса 6 минг иенадан 30 минг иенагача (тахминан 196 доллар) кўтарилади. Янги ставкалар 1 июлдан бошлаб топшириладиган аризаларга нисбатан қўлланилади.
Япония Ташқи ишлар вазири Тосимицу Мотэгининг айтишича, амалдаги тўловлар 1978 йилдан бери ўзгармаган ва расмийлар ўтган ўн йилликлар давомида тўпланиб қолган инфляция ҳамда валюта курсининг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда уларни қайта кўриб чиқишга қарор қилган. Унинг сўзларига кўра, вазирлик бу қарорнинг туризмга кескин таъсир қилишини кутмаяпти, чунки қарор турли омиллар синчковлик билан таҳлил этилганидан сўнг қабул қилинган.
Виза тўловларининг оширилиши ўтган ойда қабул қилинган янги қонун шарофати билан амалга оширилмоқда. Ушбу қонун ҳукуматга виза ва резидентлик тўловларини амалдаги даражага нисбатан 30 баробаргача ошириш имконини беради. Илгари резидентлик мақомини ўзгартириш ёки яшаш муддатини узайтириш учун тўловнинг юқори чегараси 10 минг иенани ташкил этарди, доимий яшаш жойи учун ариза бериш ҳам худди шунча турарди – янги қонун ушбу лимитларни тегишлича 100 минг ва 300 минг иенагача кўтарди. Ушбу лимитлар доирасида расмийлар резидентлик мақомини ўзгартириш ва яшаш муддатини узайтириш тўловини ҳозирги 5,5–6 минг иенадан 10–70 минг иенагача, доимий яшаш учун ариза бериш тўловини эса 10 минг иенадан 200 минг иенагача оширишни таклиф қилиб бўлган. Ушбу қўшимча ўзгаришларни кейинги молиявий йилнинг охиригача, яъни 2027 йилнинг 31 мартига қадар жорий этиш режалаштирилган.
Расмийларнинг маълумотларига кўра, қўшимча даромадлар сони тобора ортиб бораётган хорижлик резидентларга – 2025 йилнинг охирида уларнинг сони рекорд даражадаги 4,13 миллион кишига етган – хизмат кўрсатишга, шунингдек, япон тилини ўрганиш дастурларига ва мамлакатда ноқонуний қолишга қарши курашишга йўналтирилади. Токиодагилар виза ва резидентлик тўловлари Ғарб давлатлари даражасига яқинлашиши кераклигини кўрсатиб ўтмоқда, масалан АҚШ ва Германияда виза муддатини узайтириш тўловлари Япониядагидан сезиларли даражада юқори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти бизнес ва сайёҳлик визаси олишни истовчилар учун янги пуллик хизматни ишга тушираётгани ҳақида хабар берилган эди. Унга кўра, аризачилар қўшимча 750 доллар тўлаш эвазига виза суҳбатига анча тезроқ ёзилиш имкониятига эга бўлади.
Live
Барчаси