Япония Россиядаги марказларининг барчасини ёпди

Олам

image

Токио Россияда жойлашган барча Япон марказларини ёпиш қарорини қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 10 сентябрь куни Япония Вазирлар Маҳкамаси Бош котиби Ёсимаса Хаяси матбуот анжуманида маълум қилди.

“Япон маркази савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича” номли бу ташкилот 2000 йилда ҳукуматлараро меморандумлар асосида тузилган эди. Кейинчалик 2003 йилда яна бир ҳужжат қабул қилинган бўлиб, улар Россия ҳудудида марказларнинг очилиши ва фаолиятини тартибга солган.

Марказлар асосан япон тилини ўқитиш, ҳудудларда бизнес-семинарлар ўтказиш, Япония билан амалиётлар ташкил этиш ҳамда япон компаниялари билан алоқаларни йўлга қўйишга кўмаклашиб келган. Уларнинг фаолияти Япония ҳукумати томонидан, Россиядаги Япония элчихонаси орқали молиялаштирилган.

Россияда бундай марказларнинг олтитаси фаолият юритарди – Москвада, Санкт-Петербургда, Нижний Новгородда, Южно-Сахалинскда, Хабаровскда ва Владивостокда. Авваллари уларга Россия ва Япония ўртасидаги дўстлик рамзи сифатида қаралган. Бироқ 2022 йилдан бошлаб Украинадаги ҳарбий амалиёт туфайли, Япония ҳам Ғарб давлатлари қаторида Россияга санкциялар жорий этди ва бу орқали вазият кескинлашди. 2025 йил январь ойида Россия Бош вазири Михаил Мишустин япон марказлари фаолиятини тартибга солувчи ҳукуматлараро меморандумларни бекор қилишни буюрди ва ТИВга Токио томонини бу қарор ҳақида хабардор қилиш топшириғини берди.

Маълумот учун, Россия-Украина ўртасидаги можаро бошланганидан сўнг, Япония биринчилар қаторида Москвага санкция киритди. Улар орасида Россия давлат облигацияларини чиқаришни тақиқлаш, айрим шахслар ва банклар активларини музлатиш ва виза чекловлари бор эди. 2024 йилнинг апрель ойида Япониянинг Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги автомобиль двигателлари ёғи, оптик ускуналар ва бошқа маҳсулотларни ўз ичига олган 164 та экспорт чеклови рўйхатини эълон қилди. Чекловга россияликлардан ташқари, Россия билан алоқаси бўлган ва санкцияни айланиб ўтишда айбланган ташкилотлар ҳам киритилди. 2025 йилнинг бошида эса Япония ҳукумати янги санкциялар пакетини қабул қилиб, 11 киши ва 29 та Россия ташкилоти, шунингдек, 3 та банк, активларини музлатди. Қолаверса, 22 та Россия ташкилотига ва 335 турдаги экспорт товарига нисбатан чекловлар жорий этилди. Умуман олганда, Россия ва Япония ўртасидаги муносабатлар тарихдаги энг паст чегарага тушиб қолди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Ташқи Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Китамура Тошихиро Тошкентда ташкил этилган матбуот анжуманида Япония Россияни босқинчи давлат, деб ҳисоблаши, унинг ҳаракатларини кескин қоралашини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Япония Япон марказлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг