Янгийўлда номаълум шахслар экология инспекторларини калтаклади
3-саҳифа
−
09 Январь
3367Тошкент вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси Янгийўл туман бўлими давлат инспекторларига нисбатан хизмат вақтида номаълум шахслар томонидан безорилик ҳаракатлари содир этилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 4 январь куни Янгийўл тумани “Самарқанд” МФЙ ҳудудида туман Экология бўлими бошлиғи А.Н. ҳамда бош мутахассис А.Ж. навбатдаги назорат рейд тадбирларини олиб бораётган пайтда 4 нафар номаълум шахс ўзларининг “Жигули” русумидаги машинасида уларнинг йўлини тўсиб, хизмат фаолиятига тўсқинлик қилган.
Ходимлар ўзларини таништириш мақсадида хизмат гувоҳномаларини тақдим этган вақтда ҳуқуқбузарлар уларга ташланиб, турли тан жароҳатлари етказган ва кийимларини яроқсиз ҳолатга келтирилган.
Инспекторларга Янгийўл тумани марказий шифохонасида биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган. Уларнинг аҳволи ўртача даражада дея баҳоланмоқда.
“Ҳозирда ушбу ҳолат Янгийўл тумани ИИБ томонидан ўрганилмоқда”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида истеъмол қилган ичимлик суви ҳақини ўз вақтида тўламаган фуқаро ва назоратчи ўртасида жанжал юзага келганди.