5 йилда энергия истеъмоли 1,5 баробар ошди

Жамият

image

Янгийўл туманида 2 мингдан ортиқ электр ва 5 мингдан зиёд газ ҳисоблагичи маълумот узатмаётгани, дебитор қарздорлик эса юзлаб миллиард сўмга етгани маълум бўлди. Бу ҳақда бугун, 27 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика соҳасига бағишланган видеоселектор йиғилишида сўз юритилди.

Президентнинг таъкидлашича, жойларда ишларни қандай ташкил этиш кераклиги Янгийўл тумани мисолида кўрсатиб берилган.

Қайд этилишича, туманда 1 400 километр электр тармоғи ва 422 та трансформатор мавжуд. Сўнгги беш йилда аҳолининг электр истеъмоли 68 миллион киловатт-соатдан 102 миллион киловатт-соатга, яъни 1,5 баробарга ошган. Бироқ шу давр ичида атиги 60 та трансформатор ва 240 километр электр тармоғи янгиланган.

Оқибатда йил бошидан буён электр тармоқларида йўқотишлар 30 миллион киловатт-соатга етган, 37 та авария содир бўлган.

Шунингдек, тумандаги қарздорлик ҳолати ҳам танқид остига олинди. Қайд этилишича, дебитор қарздорлик 43 миллиард сўмга етган бўлиб, шундан 9,4 миллиард сўми нореал қарз сифатида баҳоланган.

Бундан ташқари, 829 нафар истеъмолчининг электр ҳисоблагичи ASKUE тизимига мос келмаслиги, яна 2 мингта ҳисоблагич эса умуман маълумот узатмаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга, солиқ органларига “нол” ҳисобот топширган 48 та корхона олти ой давомида 871 минг киловатт-соат электр энергияси истеъмол қилгани аниқланган.

Газ таъминотида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилгани айтилди. Хусусан, 5 мингдан ортиқ газ ҳисоблагичи маълумот узатмаётгани оқибатида газ бўйича дебитор қарздорлик 188 миллиард сўмга етган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг