Бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирган қотил умрбодга қамалди
3-саҳифа
−
28 Ноябрь
1294Ёдингизда бўлса, шу йилнинг июль ойида Тошкент вилояти Янгийўл туманида эркак қариндоши билан орасидаги ўзаро келишмовчилик сабаб унинг уйини ёқиб юборган эди. Ҳолат 26 июль куни соат тонгги 06:19 ларда Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хонадонда содир бўлган.
Ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушган. Хабарга асосан бошқарманинг Ёнғин қутқарув қисми ўт ўчирувчилари воқеа жойига етиб борган ва келиб чиққан ёнғинни бартараф этган.
Хонадонни кўздан кечириш давомида 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021 ва 2022 йилда туғилган болалар, 2018 йилда туғилган қизнинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган. Маълум қилинишича, вафот этганлар эр-хотин ва уларнинг 2 нафар фарзанди ҳамда 1 нафар қиз жияни бўлган.
Бир кундан кейин ушбу жиноятни содир этганликда гумонланган шахс процессуал тартибда ушланган. Олинган дастлабки маълумотларга кўра, 29 ёшдаги гумонланувчи шахс марҳумнинг қариндоши бўлиб чиққан. У ушбу жиноятни ўрталарида мавжуд бўлган қарз муносабати сабабли содир этгани айтилган.
Бош прокуратура мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш)билан жиноят иши қўзғатилганини айтганди.
4 ой давом этган тергов ҳаракатлари ниҳоясига етганидан сўнг, иш ҳужжатлари судга юборилди ва жорий йилнинг 15 ноябрь куни биринчи инстанция суд мажлиси бошланди.
Дастлаб жиноят кодексининг фақатгина 97-моддаси билан айбланган эркакка кейинчалик Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “а”, “в”, “ж”, “з”, “и” бандлари, 118-моддаси (Номусга тегиш) 1-қисми, 134-моддаси (Қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми “в”, “г” бандлари ва 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган айбловлар қўйилгани маълум бўлди.
Билдирилишича, ушбу жиноят иши Жиноий-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Бугун, 28 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида суд мажлиси ўз ниҳоясига етиб суд ҳукми ўқилди.
Унга кўра, судланувчи юқорида санаганимиз моддалар – Қасддан одам ўлдириш, Номусга тегиш, Қабрни таҳқирлаш, Босқинчилик ва Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш каби жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.