Яна гўдак қотиллиги: Туркияда 6 ёшли қизнинг жасади қабристондан топилди
Олам
−
04 Ноябрь
7103Туркиянинг Истанбул вилояти Шишли туманида ғойиб бўлган 6 ёшли қизнинг жасади Ферикўй қабристонидан топилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Шишли туманида яшаган ва жорий йилнинг 31 октябрь куни изсиз ғойиб бўлган Ширин Элмас Ҳанилчини қидирув-қутқарув ишлари оила аъзоларининг мурожаатидан сўнг бошланган. Маълум бўлишича, унинг жасади 2 кун ўтиб, Ферикўй қабристонидан топилган. Олинган бахтсиз хабардан сўнг полиция гуруҳлари қабристон ва унинг атрофида тинтув ўтказган. Камера тасвирларига кўра, қизчани охирги марта қабристонга қоғоз йиғиш билан шуғулланадиган Ўрхун исмли шахс олиб кирган ва унинг бир ўзи қайтиб чиқиб кетган.
Полициянинг қабристон атрофидаги текширувлари давом этар экан, 1 киши гумондор сифатида қўлга олинган. Ҳибсга олинган гумондор Ширинни бўғиб ўлдирганини тан олган.
“Sabah” газетасига кўра, гумонланувчи биринчи баёнотида воқеага алоқаси йўқлигини айтган бўлса-да, камера тасвирлари пайдо бўлгач, у қотилликни тан олган. Унинг сўзларига кўра, у Ширинни бўғиб ўлдиргандан кейин уни қабристондаги чуқурга ташлаб юборган.
“Ёнимга келди. У пул сўради. Мен бермайман дедим. Мени тинч қўймади. Пул сўрашда давом этди. Мени безовта қилди. Шундай қилиб ўша ерда – қабристонда бўғиб ўлдирдим, кейин жасадни буталар билан беркитиб, яширишга ҳаракат қилдим”, деган гумонланувчи.
Қизалоқнинг жонсиз жасади кўриб чиқиш учун Енибосна Суд тиббиёт институти ўликхонасига олиб кетилган. Хабарга кўра, эркак қизчани зўрлаган бўлиши ҳам мумкин.
Ўрхун полицияга берган баёнотида воқеани Ферикўй қабристонида қилганини тан олгач, гумонланувчи суд биносига юборилган. Маълум бўлишича, Ўрхун аввал ҳам жиноий иш содир этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг Диёрбакир вилояти Тавшантепа қишлоғида яшовчи Нарин Гуран Қуръон курсига боришини айтиб, уйдан чиқиб кетган ва шу билан ортга қайтмагани хабар қилинганди. Нарин Гураннинг жонсиз жасади ғойиб бўлганидан 19 кун ўтиб қишлоқдан 3 км узоқликдаги Ифтутмаз кўчасида қоп ичидан топилганди.
Муҳаммад Ҳодиев