Наринни ким ўлдирди?
Таҳлил
−
18 Октябрь
17556Болалар қатл қилинаётган, аёллар, мурғак қизлар ўлдирилаётган дунёда сизга ва менга роҳат борми? Зўрланган, таҳқирланган, жинсий тажовузга учраган ва ўлдирилган қизчаларнинг қотиллари маишатида давом этаётган дунёда адолат ҳақида гапириш мумкинми? Ҳаёти, орзулари, болалиги ва келажаги қўлидан олинган қизлар қатори яна биттага кўпайди. У фақат рақам эмас. У қиз. У келажак. У Нарин Гуран! У бор-йўғи 8 ёшда эди. У 8 ёшида 8 миллиардга тенг дунё аҳолисининг даҳшатга тўла ҳаётини ифода этиб кетди. Бугун сизга дунёни ларзага келтираётган жиноят ҳақида ҳикоя қиламиз.
Нарин Гуран қачон ғойиб бўлди?
2024 йил 21 август куни соат 13:00 атрофида Туркиянинг Диёрбакир вилояти Тавшантепа қишлоғида яшовчи Нарин Гуран Қуръон курсига боришини айтиб, уйдан чиқиб кетган ва шу билан ортга қайтмаган. Дастлаб 8 яшар қиз оила аъзолари ва қишлоқ аҳолиси томонидан қидирила бошланган.
Бир неча соатлик уринишлар самара бермагач, қизнинг отаси Ориф Гуран қизини ўғирлаб кетилганидан шубҳаланаётганини айтиб, шу куни соат 21:00 атрофида 112 Фавқулодда ҳолатлар марказига йўқолган қизи ҳақида хабар берган. Қидирувларда Нарин Гуран 21 август куни соат 15:15 да Тавшантепа бошланғич мактабининг хавфсизлик камерасига тушиб қолгани аниқланди.
Бироқ октябрь ойига келиб маълум бўлишича, камера қайдларидаги соат маҳаллий вақтдан 3 дақиқага фарқ қилгани аниқланди. Камера қайдларида қизалоқ тўртта дугонаси билан юргани, сўнг тоғ йўлидан чиқиб уйи томон кетаётгани тасвирланган.
Полиция ва бошқа гуруҳлар қизчани қишлоқдаги канал ва унинг атрофидаги маҳаллалардан ўтувчи ҳудудлардан қидиришни бошлаган. Бу ишларга 200 дан ортиқ одам жалб қилинган. Орадан бир неча кун ўтиб, қиз яшайдиган уйдан тахминан 20-30 метр узоқликдаги қояларда қон доғлари аниқланган. Воқеа жойида олиб борилган текширувдан сўнг, топилган қон доғлари Наринга тегишли эмаслиги маълум бўлди.
Шу ўринда воқеани ёритиш учун икки ойдан бери Нарин яшаган қишлоқда қолаётган журналистлар орасида ушбу жиноятни биринчилардан бўлиб ёритиш мақсадида Тавшантепага борган Жанан Алтинташнинг айтганлари эътиборни тортади.
“Мен биринчи кундан Нариннинг онаси ҳеч нарсани билмайман, дейишига ва унинг кўзёшларига ишонмадим. Ҳолатнинг эртаси куни ҳам Тавшантепага бордим. У ерда яшовчиларнинг кўзларидан ҳолат аслида тамоман бошқача эканини англадим. Нарин яшайдиган қишлоқдагиларнинг ўзини тутиши бошқача эди. Худди ҳамма ҳамма нарсани билади ва жим қолмоқда. Ҳеч ким гапиргиси, қайғургиси келмасди. Одатда қўшни қизи йўқолганда ҳамма қайғуради, югуради, бу ерда ундай бўлмади. Қишлоқдаги сукунатни тасвирлаб бера олмайман. У қишлоқда худди ҳамма қизга нима бўлганини била туриб жим тургандек эди. Нариннинг қанчалик ёлғиз бўлганини ҳис қилдим”, дейди журналист.
Хавфсизлик кучлари Нарин Гуран ғойиб бўлган пайтда йўлдан ўтган 150 та машинани аниқлади. Расмийлар маҳалладаги уйлар ва қишлоққа кириб келаётган машиналарни текширди. Жами 12 минг 565 та машина тинтув қилинган, 130 кишининг аризаси олинган. 32 минг 952 киши текширилган. Қидирув гуруҳлари 70 га яқин хонадонга эга бўлган қишлоқнинг ҳар бурчагини, жумладан уйлар, қудуқлар, қишлоқ атрофидаги далалар ва дарё ўзанини қидирган. Қишлоқ аҳолиси эса бу ҳодиса ҳақида жим қолди, гапирмади, сукут сақлади.
Орадан 19 кун ўтиб Нариннинг жонсиз танаси топилди.
Нарин Гураннинг жонсиз жасади ғойиб бўлганидан 19 кун ўтиб, 8 сентябрь куни соат 08:45 да қишлоқдан 3 км узоқликдаги Ифтутмаз кўчасида қоп ичидан топилди. Диёрбакир губернатори Мурат Зорлуўғли, Нарин Гураннинг жонсиз жасади тошлар ва дарахт шохлари билан дарёга яширилганини айтди. Текширув чоғида Нариннинг чап оёғи тиззаси остидан узилгани, қоп ичидан оёқ суяги топилганини қўшимча қилди. Нарин Гуран йўқолганидан 19 кун ўтиб, 9 сентябрь куни Тавшантепа тумани қабристонига дафн қилинди.
Нарин Гуран қандай ўлдирилган?
Диёрбакир суд-тиббиёт институтида амалга оширилган текширув 8 сентябрь, якшанба куни соат 10:50 да бошланиб, 23:15 да якунланган. Барча далиллар бирма-бир текширилган. Афсуски, Нарин Гураннинг ўлими сабаби дастлабки экспертизада аниқланмаган. Танадан олинган 91 та намуна ва ички органлардан олинган тўқима намуналари Истанбул суд-тиббиёт институтига юборилган.
“Қизнинг жасади қопдан чиқарилгунга қадар унга скопия муолажалари, рентгенолог ва суд-тиббиёт экспертлари иштирокида зарур текширувлар ўтказилди. Молекуляр-генетик экспертиза учун асос олинди, мурданинг ҳар бир жойидан тампон намуналари батафсил олинди ва барча турдаги жиноятларни аниқлаш учун жами 91 та намуна олинганидан сўнг, жасад яна флороскопиядан ўтказилди”, дейилади суд-тиббиёт экспертлари берган маълумотда.
Октябрь ойига келиб, маҳаллий ОАВлар қиз "оғиз-бурун ёпилиши ва бўйинни сиқиш оқибатида кислород етишмаслиги туфайли" вафот этганини ёзмоқда.
Қотилликда кимлар гумонланяпти?
Туркия Адлия вазири Йилмаз Тунч Нарин Гуран жиноятида дастлаб 26 киши гумондор, 241 киши гувоҳ экани ва жами 267 кишининг кўрсатмалари олинганини маълум қилди. Жасад топилгач, 22 нафар гумондор қўлга олинди. Жиноятда гумонланаётганлар бегона эмас.
27 август куни Нариннинг амакиси Салим Гуран тергов доирасида ҳибсга олинди. Тергов органи берган маълумотларга кўра, Салим Гураннинг машинасида қон доғлари аниқланган. Бу доғлар Нарин Гуранга тегишли бўлиб чиқиши ортидан қондош амаки ҳибсга олинган. Нарин ғойиб бўлган пайтдан бошлаб оила ва қишлоқ аҳолиси сукут сақлаганди.
Бу сукутни биринчи бўлиб, қизнинг 19 ёшли амакиваччаси Бирсен Гуран бузди. У тергов вақтида амакиси Салимнинг айтганига кириб, Наринни охирги марта қачон ва қаерда кўргани ҳақида нотўғри маълумот берганини тан олди.
“Мен (илгари) Нариннинг келган вақтини 17:40 деб айтган бўлсам-да, кейин ўйлаб кўрганимда, мен Нарин соат 14:00 атрофида келганини тушундим (...) Салим Гуран бизга “Наринни 17:40 атрофида кўрганман”, деб айтасан деганди”, дейди йигит.
28 август куни Нариннинг акаси Энес Гураннинг қўлида тиш излари борлиги аниқланган ва у ҳибсга олинган. Энес Гураннинг қўлидаги тишлаш излари таҳлил қилиш учун Истанбул суд-тиббиёт институтига юборилган ва 29 август куни Нариннинг ДНКси акаси Энес Гураннинг қўлидаги тиш изларида аниқланмагани эълон қилинди. Йигитнинг қўлидаги тиш излари кимга тегишли эканини аниқлашнинг иложи бўлмаган. Чунки ака шу кунгача 3 марта душ қабул қилган. ДНКда ҳеч нарса аниқланмаганлиги ортидан ака қўйиб юборилган.
“Нарин ғойиб бўлган ва қидирувга берилган куни Энес асабийлашиб, телефонини ерга ташлаб, синдириб, ўзини тишлаган”, деган қизнинг отаси.
31 август куни сўроқ учун бутун оила чақиртирилган. 1 сентябрь куни Нариннинг амакиси маҳбус Салим Гуран ҳақида қўшимча маълумотлар берилди. Унда айтилишича, Салим Гуран барча телефон қўнғироқлари ва ёзишмаларини ўчириб ташлагани маълум бўлган.
2 сентябрда матбуотда ҳибсда бўлган Салим Гураннинг ўзаро сўроқ пайтида қарама-қарши баёнотлар бергани, Нариннинг охирги марта кўришганидан 15 дақиқа ўтиб, тезда машинани ҳайдаб кетгани ва телефони 1 соат ўчиқ бўлгани хабар қилинган. Салим Гуранни машинасидаги ДНК излари, ўчирилган қўнғироқ ёзувлари ва телефонидаги хабарлар асосида ҳибсга олиш учун ордер берилган.
Шу қишлоқда яшовчи Невзат Бахтиёр исмли шахс эса 8 сентябрь куни айбига иқрор бўлиб, жасадни сойга яширганини тан олди. Жасад Невзат Бахтиёрнинг иқрорлари туфайли топилганми ёки жасад топилгандан кейин айбига иқрор бўлганми, бу аниқ эмас. ОАВдаги маълумотларга кўра, Невзат Бахтиёрнинг машинаси жасад топилган ҳудудга қараган камераларда кўриниб қолган.
9 сентябрда қизнинг амакиси Салим Гуран ўз машинасида Нарин Гураннинг жасадини олиб келгани ва йигитдан жасадни йўқ қилишни сўрагани, агар шундай қилса, унга 200 минг турк лираси, тақрибан 5800 АҚШ доллари беришни таклиф қилгани маълум бўлди.
11 сентябрь куни Невзат Бахтиёрнинг бир-бирига зид баёнотлар бергани ўртага чиқди. Даставвал пул эвазига жасадни яширганини айтган Невзат Бахтиёр бошқа баёнот бериб, Салим Гуран таҳдид қилгани учун жасадни яширганини айтди. Невзат Бахтиёр ҳам Салим Гуран каби телефонидаги қўнғироқ ёзувлари ва ёзишмаларни ўчириб ташлагани аниқланди.
13 сентябрь куни қотиллик содир этилган куни телефон қўнғироқлари ва ёзишмаларини ўчириб ташлаган қизнинг амакиси Салим Гураннинг телефонидаги ўчирилган маълумотлар тиклангани эълон қилинди.
Салим Гураннинг 15 ёшли ишчиси Рамазон Атасой билан телефон суҳбатларидан бирида Рамазон “Менга ҳали етиб бормади. Ҳали ўлмаган”, дегани аниқланган.
Юқорида айтганимиздек, қизнинг вафотида бегоналар эмас, аксинча, яқинлари гумон қилинмоқда. Гумондорлар орасида Нарин Гураннинг онаси Юксел Гуран ҳам бор. Нариннинг айнан нима учун ўлдирилгани ҳақида ҳозирча далил мавжуд эмас. Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, Нариннинг онаси Юксел Гуран ва унинг амакиси Салим Гуран ўртасида жинсий алоқа содир бўлган ва қизча уни кўрган бўлиши мумкин.
Юксел Гуран эса тергов вақтида “бу одам билан ҳеч қандай алоқам бўлиши мумкин эмас”, деб жавоб берган.
Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, прокуратура томонидан олиб борилган суриштирув ишлари натижасида Нарин отасининг уйида ўлдирилгани аниқланган. Ўша куни қизнинг яқинлари уйда бўлган.
Айбдор Невзат Бахтиёр ўзининг сўнгги сўзида Нарин ўша куни уйда ўлдирилганини, кейин уйдаги барча нарсаларни қизнинг холалари ювганини айтган. Прокуратура алоқа операторларидан олинган маълумотларга таяниб, Нарин ўлдирилган пайтда уйда қизнинг онаси Юксел Гуран, амакиси Салим Гуран, амакининг дўсти Невзат Бахтиёр, келинойилари Машаллаҳ Гуран ва Ҳадия Гуран бўлганини айтган.
Қизнинг амакиси Салим Гуран қасддан қотиллик, унинг дўсти Невзат Бахтиёр қасддан одам ўлдириш ва далилларни йўқ қилиш, Нариннинг онаси Юксел Гуран, Салим Гураннинг ишчиси Рамазон Атасой, марҳума қизчанинг акаси Энес Гуран қасддан қотилликда иштирок этиш, аммасининг эри Муҳаммад Кая ва амакивачча Бирсен Гуран жиноятчига ёрдам бериш, жиноят далилларини йўқ қилиш, қизнинг янгаси Машаллаҳ Гуран жиноятчига хайрихоҳлик қилиш, жиноят далилларини йўқ қилиш, Салим Гураннинг ишчиси Меҳмет Салим Атасой жиноят далилларини йўқ қилиш, холанинг эри Меҳмет Шавкат жиноятчини яшириш, жиноят далилларини йўқ қилиш ва амаки Фуат Гуран жиноят далилларини йўқ қилишда айбланмоқда.
Адлия вазири Йилмаз Тунч октябрь ойининг ўрталарига келиб, терговдаги сўнгги ўзгаришлар ҳақида баёнот берди. Унинг таъкидлашича, тергов органи тез кунларда айблов хулосасини тақдим этади. Сўнгги маълумотларга кўра, жиноят иши доирасида 28 нафар гумондор бўлиб, улардан 12 таси ҳибсга олинган.
“Нарин қизимиз билан содир бўлган жиноят ишига оид тергов пухталик билан давом этмоқда. Ҳозирда ҳибсга олинганлар бор. Қўлга олинганлардан ташқари, суд назорати остидаги гумондорлар ҳам бор”, дейди Адлия вазири.
Йилмаз Тунчнинг сўзларига кўра, энг сўнгги технологиялар ёрдамида қиз йўқолган куни кимнинг қайси дақиқада қаерда экани бирма-бир аниқланган ва тез кунларда айблов хулосасини тайёрлаш жараёни бошланади.
Нарин учун адолат!
Нарин билан содир бўлган воқеа жамоатчиликни сергак торттирди. ОАВнинг кунлик хабарлари Нарин билан бошланиб, у билан тугади. Қиз йўқолиб, кунлаб топилмаганида эса жамоатчилик Нарин учун адолат излади. Одамлар кўчага чиқди ва унинг қотилини топиш ва жазолашни талаб қилди.
Нариннинг сирли ўлимига мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам муносабат билдирмай қолмади. Давлат раҳбари “Наринни ўлдирганлар, албатта, адолат олдида жавоб берадилар” демоқда.
“Ваҳшийларча ўлдирилган Нариннинг қайғули хабари барчамизни чуқур яралади. Қизимизнинг бедарак йўқолганлиги ҳақидаги хабарни олганимиздан бери хавфсизлик кучлари уни тирик топиш учун қаттиқ ҳаракат қилишди. 19 кун давом этган изланишлар натижасида, афсуски, юракни қувонтирадиган хабар ололмадик. Наринни ўлдирганларнинг адолат олдида жавоб беришига кафолат берамиз”, дейди Эрдўған.
Ҳар куни дунёда юзлаб болалар ўлдириляпти. Нарин улардан бири. Кўпчиликнинг бундай воқеалар ҳақидаги хабарларни эшитавериб дийдаси қотди. Ўзимиздан бошқасини ўйламайдиган даражага етиб келдик. Нарин ўлимидаги бошқалардан ажралиб турадиган энг катта фарқ нима биласизми? Унинг яқинлари томонидан ўлдирилган бўлиши мумкинлиги. Уни қабрга қўйганлар, ортидан дод солиб йиғлаган ва таъзия қабул қилганлар орасида қотилнинг, қотилликка шерикларнинг бўлиши. Воқеалар тафсилотини кутинг.
LiveБарчаси