Ямайка Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олди
Олам
−
24 Апрель
4523Ямайка ҳукумати Фаластин давлатини тан олишга қарор қилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги баёнот берди.
“Ямайка ҳукумати Фаластин давлатини тан олишга қарор қилди, уни тан олган 140 та БМТ давлати сафига қўшилди”, дейилади баёнотда.
Билдирилишича, Ямайка узоқ давом этаётган можарони икки давлат асосида ҳал этиш тарафдори. Баёнотда қайд этилишича, бу Исроил хавфсизлигини кафолатлайди ҳамда фаластинликларнинг қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
“Ямайка Фаластин давлатини тан олиш орқали можарони тинч йўл билан ҳал қилиш тарафдорлигини мустаҳкамлайди”, дейди мамлакат Ташқи ишлар вазири Камина Жонсон Смит.
Ташқи ишлар вазирининг қўшимча қилишича, Ямайка “Яқин Шарқдаги кескинликни юмшатиш” ва “минтақада барқарор тинчлик ўрнатиш бўйича барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди”.
Ҳозирда Фаластинни БМТга аъзо 193 та давлатдан 140 таси, жумладан, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида тан олган, дунёнинг 95 та давлатида Фаластин элчихоналари ва доимий ваколатхоналари мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Америка Қўшма Штатлари БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Бош Ассамблеясига Фаластин давлатини халқаро ташкилотга тўлиқ аъзо сифатида қабул қилишни тавсия этувчи резолюция лойиҳасига вето қўйганди.
LiveБарчаси