Янги уруш: Исроил Эронга зарба берди

Таҳлил

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 13 июнга ўтар кечаси Эрон ҳудудига зарба берди. Ҳужум ҳақида хабар берган Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац мамлакатнинг Эронга зарбасидан сўнг яқин келажакда Исроилга ҳам ракета ва дрон ҳужуми кутилаётганини айтди.

Эрон давлат телевидениеси мамлакат пойтахти Теҳроннинг турли ҳудудларида кучли портлашлар эшитилганини хабар қилди. Шунингдек, Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими тўлиқ шай ҳолатга келтирилиб, мамлакатнинг асосий Имом Хомайний аэропортида барча парвозлар тўхтатилди. Исроил ҳам ҳаво ҳудудини ёпди. Эрон ҳаво ҳудудининг ёпилиши муносабати билан бир нечта рейслар Тошкентдаги муқобил аэродромга йўналтирилди.

ЦАХАЛ Эрон ядро дастурини нишонга олган “Шерлар дунёси” кодли операцияни бошлаганини тасдиқлади. ЦАХАЛнинг билдиришича, Эронда бир неча кун ичида 15 та ядровий бомба яратиш учун етарли даражада бойитилган уран бор ва Исроил бу “мувофиқ таҳдид”га қарши чора кўриши керак.

ЦАХАЛ баёнотига кўра, Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг Эрондаги мамлакат ядровий дастури ва бошқа ҳарбий объектларга алоқадор ўнлаб нишонларга зарба берган. Хусусан, Натанздаги Эрон ядровий иншоотининг яқинида “бир нечта портлаш товушлари” эшитилган. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳужум ҳақида шундай деган:

“Биз Эроннинг ядровий бойитиш дастурининг марказига зарба бердик. Эрон баллистик ракета дастурининг марказига ҳам зарба берди. Эрон ҳали ҳам бизга зарар етказиш учун катта имкониятларга эга. Операция зарур бўлган вақтгача давом этади”.

Ахборот агентликлари, жумладан, “Reuters” агентлигининг хабар беришича, Исроил ҳаво кучлари нафақат Эрондаги ядровий ва ҳарбий объектларга ҳужум қилган, балки Ислом Республикасидаги ҳарбий ва илмий раҳбариятни ҳам нишонга олган. Маълум қилинишича, зарбалар оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Ҳусайн Саламий ва эронлик ядро олимлари Ферейдун Аббосий-Давоний ва Муҳаммад Меҳди Теҳрончи ҳалок бўлган. Эрон матбуотига кўра, Оятуллоҳ Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний оғир яраланган. Сал ўтиб, ҳужум ортидан Эрон Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи генерал-полковник Муҳаммад Бағирий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони Ҳусайн Саламий ҳамда Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний ўлгани маълум бўлди. Шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Аэрокосмик кучлари қўмондони Амир Али Ҳожизода, Эрон Атом энергетикаси ташкилоти раҳбари Ферейдун Аббосий, Эрон Бош штабининг “Хотам ал-Анбия” Марказий штаби қўмондони генерал-майор Ғулом Али Рашид ҳам ўлдирилган бўлиши мумкин.

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Исроилдан қасос олиш билан таҳдид қилган. Хоманаийнинг сўзларига кўра, Исроил “қаттиқ жазо”ни кутиши керак. Унинг фармонига кўра, Ҳабибулло Сайёрий Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи вазифасини вақтинча  бажарувчи этиб тайинланган. Собиқ ички ишлар вазири Воҳидий эса Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони лавозимини эгаллаган.

Исроил армияси вакили, бригада генерали Эффи Дефринга кўра, сўнгги бир неча соат ичида Эрон томонидан Исроилга қарши 100 дан ортиқ дрон жўнатилган. Ҳозирда Исроил армияси уларни уриб тушириш устида ишламоқда. Дефриннинг тушунтиришича, Эрон ҳудудидан учирилган бу дронларнинг Исроилга етиб бориши учун бир неча соат керак бўлади. Хусусан, маълумотларга кўра, Эрондан Исроилгача учирилган дронлар – 7-9 соат оралиғида, баллистик ракеталар 12 дақиқа ҳамда қанотли ракеталар – 2 соатда етиб боради.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда Эрон дронларининг Исроил томон ҳаракатланаётгани акс этган видеолар пайдо бўлган. Шу билан бирга, Исроилда аҳоли Эроннинг эҳтимолий ҳужумига тайёргарлик кўрмоқда – одамлар озиқ-овқат маҳсулотлари захираси учун оммавий тарзда супермаркетларга йўл олмоқда. Бундай ҳолат, айниқса, одатда жума куни кечдан шанба кечгача ёпиқ бўладиган дўконлар фонида юз беряпти, чунки бу вақт яҳудийларнинг “Шаббат” байрамига тўғри келади.

Бунгача Исроил Мудофаа вазири Исроил Кац мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилган. Унга кўра, армия Эроннинг эҳтимолий жавоб ҳужумига тайёрланмоқда. ЦАХАЛ томонидан эълон қилинган тартибга кўра, соат 03:00 дан бошлаб бутун мамлакат бўйлаб оммавий йиғилишлар, ўқиш ва ишлаб чиқариш фаолияти тақиқланади. Исроил бўйлаб хавф сигнал сиреналари янграмоқда.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио Исроилнинг Эронга берган зарбаларини “бир томонлама ҳаракат” деб атади ва Вашингтоннинг бунга алоқаси йўқлигини айтди. У, шунингдек, Эронни минтақадаги АҚШ кучларига ҳужум қилмасликка чақирди.

“Исроил бугун кечқурун Эронга қарши бир томонлама чора кўрди. Биз Эронга қарши ҳужумларда иштирок этмаймиз ва бизнинг устувор вазифамиз минтақадаги Америка кучларини ҳимоя қилишдир”, деб ёзди Рубио.

Рубионинг сўзларига кўра, Исроил Вашингтонга ўз ҳаракатлари “ўзини ҳимоя қилиш учун зарур” эканини айтган.

Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Эрон томонидан Исроилга ракета отилиши мумкинлиги муносабати билан ушбу мамлакатдаги ўзбекистонликлардан тезкор эҳтиёт чораларини кўришни сўради. Бироз вақт ўтиб, Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси ҳам Ўзбекистон фуқароларидан хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни сўради. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу мазмунда мамлакатнинг Эрон ва Исроилдаги аҳолисини огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Яқин Шарқ Биньямин Нетаньяху ЦАХАЛ Исроил-Эрон Исроил Кац Эффи Дефрин Оятуллоҳ Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг