“Яқин дўстлар шундай бўлади”. Мирзиёев Шарль Мишель билан учрашди (видео)

Жамият

image

Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентига ажратилган қароргоҳда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель билан учрашуви бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Асадов томонидан эълон қилинган видеода Мирзиёевнинг Шарль Мишель билан кўришиб, самимий суҳбат қурганини кўриш мумкин.

“Кўп бўлди кўришмадик”, деган Мирзиёев.

Мишель ҳам ўз ўрнида буни тасдиқлаб:

“Кўп кўришмасак ҳам мен сиз ҳақингизда жудаям кўп ўйлайман”, деган.

Президент Шавкат Мирзиёев унга жавобан “Яқин дўстлар шундай бўлади” деб айтган ва Мишель билан учрашганидан жуда мамнун эканини, буни интиқлик билан кутганини билдирган.

Шундан сўнг етакчилар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи байроқлари  олдида расмий суратга тушган.

Томонлар орасида ўтказилган музокараларда етакчилар 2022 йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларга мувофиқ икки томонлама мулоқот ва алмашинувларда юқори суръат кузатилаётганини мамнуният билан қайд этган.

Ўзбекистон ва ЕИ етакчилари икки томонлама савдони диверсификация қилиш ва ҳажмини ошириш, “GSP+” имтиёзли савдо тизимининг амал қилиш муддатини узайтириш, самарали транспорт йўналишлари, энг аввало, Транскаспий транзит йўлагини ривожлантириш, “яшил” энергетика, инновациялар ва юқори технологиялар, рақамлаштириш, экология, таълим, туризм ва бошқа соҳаларда қўшма дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталган.

Шунингдек, минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган. Афғонистон бўйича маслаҳатлашувларни ва ушбу мамлакатга инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш муҳимлиги таъкидланган.

Таъкидлаш жоизки, бугун, 2 июнь куни Чўлпонотада иккинчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтади. Унинг кун тартибидан минтақа мамлакатларининг Евроиттифоқ билан конструктив мулоқотини янада ривожлантириш ва амалий ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари ўрин олган.

Маълумот учун, ўтган йилнинг 27 октябрь куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари етакчилари ҳамда Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишелнинг биринчи учрашуви бўлиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Европа Иттифоқи Марказий Осиё Шарль Мишель Чўлпонота

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг