WP: АҚШ Россияни “Гавана синдроми” оқибатларидан огоҳлантирган
Олам
−
25 Ноябрь 2021
7412Аввалроқ, АҚШ Марказий разведка бошқармаси директори Уильям Бернс жорий йилнинг 2 ва 3 ноябрь кунлари Москвага ташриф буюргани ҳақида хабар бергандик.
Таъкидланишича, Бернс ташрифи чоғида, агар Россия разведка хизматлари “Гавана синдроми” деб аталадиган воқеаларга алоқадор бўлган бўлса, “оқибатлар” ҳақида Россия Федерациясини махфий равишда огоҳлантирган. Бу ҳақда вазиятдан хабардор АҚШ расмийларига таяниб, “The Washington Post” нашри хабар берган.
Қайд этилишича, Бернс бу масалани Россия Федерацияси Федерал хавфсизлик хизмати ва Ташқи разведка хизмати вакиллари билан учрашувларида кўтарган. Шу билан бирга, унинг мурожаатида Россияга қарши ҳеч қандай айбловлар мавжуд бўлмаган.
Маълумот ўрнида, АҚШнинг аввалги маъмурияти 2016 йилнинг ноябрь ойидан бери Гаванада 40 дан ортиқ америкалик дипломатлар “акустик ҳужумлар” деб номланган ташқи таъсирлар натижасида жароҳатланганини даъво қилган эди. Қўшма Штатлар расмийлари Кубани ушбу воқеалар учун жавобгар деб ҳисоблади.
2017 йил сентябрь ойида Қўшма Штатлар Гаванадаги элчихонаси ходимларининг 60 фоизини чақириб олди, Кубанинг Вашингтондаги дипломатик ваколатхонаси ходимлари эса Америка томонининг илтимосига биноан 15 кишига қисқартирилди. Гавана америкалик дипломатлар билан содир бўлган воқеаларга алоқадорлигини бир неча бор рад этган.
Кейинги йилларда АҚШнинг бошқа бир қанча мамлакатлардаги давлат хизматчилари ҳам худди шундай таъсирга учраганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Бу одамларнинг баъзилари Америка Қўшма Штатлари “Гавана синдроми” деб атайдиган касалликка чалинган.
LiveБарчаси