Болаларга машинасини берганлар жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин

Жамият

image
Фарғонада маст ҳайдовчи уриб юборган ЙПХ ходими вафот этди (видео) north_east

Фарғонада маст ҳайдовчи уриб юборган ЙПХ ходими вафот этди (видео)

Ўзбекистонда Жиноят кодексида вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни, агар одам ўлими ёки жароҳатланиши билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ҳолатда, автомобилни топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда бугун, 4 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида сўз борди. 

Депутатлар мажлисда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди ва қабул қилди. 

Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекслар ҳамда “Йўл ҳаракати тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. 

Хусусан, Жиноят кодексида вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш оқибатида фуқаронинг баданига ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилган, одам ўлими ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиққан ҳолларда транспорт воситасини топширган шахсга жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф қилинмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришни топшириш, автомототранспорт воситалари пойгасини ноқонуний ташкил этиш ва унда иштирок этиш, юк транспорт воситаларини тунги вақтда йўл ҳаракати иштирокчиларига хавф туғдирадиган ҳолатда йўл четида қолдириш, транспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тартибини бузиш, белгиланган тезликни 80 километр/соатдан ортиқ миқдорда ошириш учун алоҳида ва кучайтирилган жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.  

Шунингдек, маъмурий жазонинг янги тури – автомототранспорт воситасини олти ойдан бир йилгача муддатга вақтинча олиб қўйиш чорасини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Мазкур жазо йўл безорилиги, ноқонуний пойга ташкил этиш, транспорт воситаларини мастлик ҳолатида бошқариш, мастлик ҳолатини аниқлаш учун текширувдан ўтишдан бўйин товлаш каби қилмишлар транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс томонидан содир этилганда қўлланилиши белгиланмоқда. Ушбу жазо чораси қонунда назарда тутилган ҳолларда жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар суди томонидан қўлланилади.  

Қонун лойиҳасида транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариш ёки тегишли текширувдан ўтишдан бўйин товлаш учун белгиланган жазо чораларини такомиллаштириш, шунингдек, айрим қўпол қоидабузарликлар такроран содир этилганда жаримани чегирма билан тўлаш тартибини муайян муддат давомида қўлламаслик ҳам назарда тутилмоқда.

Депутатлар қонун лойиҳасининг асосий мақсади жазоларни кучайтириш эмас, аввало, хавфли ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш ва йўлларда инсон ҳаёти устуворлигини таъминлашга қаратилганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 25 февраль куни Тошкент шаҳрида соат 21:46 да 2010 йилда туғилган вояга етмаган, хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Турғунов BMW М4 русумли автомашинани ҳайдовчилик гувоҳномасиз бошқариб, Миробод тумани Миробод кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патруль хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровни уриб юборганди.

Кейинроқ, 3 кун давомида шифокорлар назоратида бўлган ички ишлар органи ходими кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этди. Ушбу ходимнинг оила аъзолари давлат муҳофазасига олиниши белгиланди.

Жорий йилнинг март ойида бошида инспекторни уриб кетган ўсмир Дониёр Турғунов қамоққа олингани маълум бўлди. Жиноят иши доирасида Турғунов Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилгани хабар қилинди. Ҳодиса бўйича Дониёр Турғунов устидан суд жараёни бошланган. Иш вояга етмаган шахс иштирокида бўлгани учун суд жараёни ёпиқ тарзда ўтмоқда. Дастлабки суд мажлиси Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида жорий йилнинг 26 июнь куни бўлиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг