Вояга етмаган қизга жинсий тажовуз қилган инспектор 15 йилга қамалди
3-саҳифа
−
27 июл 9938 2 дақиқа
Сурхондарёда вояга етмаган қиз билан боғлиқ жиноятда айбланган собиқ ички ишлар ходимига суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти судлари хабар берди.
Мазкур иш аввалроқ ижтимоий тармоқларда собиқ инспекторнинг 14 ёшли вояга етмаган қизга нисбатан жинсий тажовуз содир этгани ҳақидаги хабарлар тарқалиши ортидан жамоатчилик эътиборига тушган эди.
Кейинчалик ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жиноят иши судга оширилган.
Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг жорий йил 22 июлдаги ҳукмига кўра, Денов тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимининг вояга етмаганлар ишлари бўйича собиқ инспектор-психологи А. Раҳматов Жиноят кодексининг 118-моддаси 4-қисми (номусга тегиш) ҳамда 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан айбдор деб топилган.
Суд ҳукми билан унга 2 йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 15 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. У жазони умумий тартибли колонияда ўтайди.
Суд маълумотига кўра, ҳозирга қадар мазкур ҳукм юзасидан шикоят ёки протест келиб тушмаган.
Шунингдек, иш тарафлари қонунчиликда белгиланган тартибда суд ҳукми устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эгалиги билдирилган. Агар апелляция ёки протест киритилса, ҳукмнинг қонунийлиги, асосланганлиги ва адолатлилиги юқори инстанция суди томонидан кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида 14 ёшли қиз 4 киши томонидан зўрлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиБлогер Азиз Ҳакимов 4 йилга қамалди
11 август