Воитовнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ қўшимча тафсилотлар маълум бўлди
Олам
−
18 Декабрь 2023
39134Аввалроқ, Ўзбекистоннинг собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қамоққа олингани ва ҳозирда ДХХ ҳибсхонасида сақланаётгани хабар қилинганди. QALAMPIR.UZ’га унинг қўлга олиниши тафсилотлари очиқланган ҳужжат етиб келди.
Маълум қилинишича, Азиз Воитов жорий йилнинг 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-модда (Ушлаб туриш асослари)си тартибида ушланган. Унга доир иш 14 декабрь куни, соат 00:10 да, жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг ёпиқ суд мажлисида кўрилган.
Собиқ вазир Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)си 3-қисми “а” банди ва 205-модда ( Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)си 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни қилганликда гумонланиб ушланган.
Билдирилишича, Воитов мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда 2022-2023 йилларда Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлиги директорига “зудлик билан ва муаммосиз қарз ажратиб бериш тўғрисида” ноқонуний топшириқ берган. Бунинг оқибатида эса “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор талабига зид равишда бир неча тадбиркорлик субъектларига қарз маблағлари ноқонуний ажратилиб, давлатнинг 9,8 млрд сўм маблағи растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.
Азиз Воитов юқоридаги ҳолатлар юзасидан жорий йилнинг 13 декабрь куни 167-модда (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)си 3-қисми “а” банди ва 205-модда ( Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)си 2-қисми “а” банди билан гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган.
Бош прокурор ўринбосари судга илтимоснома киритиб, гумон қилинувчи А.Воитов томонидан давлат ва жамият манфаатларига етказилган жуда кўп миқдордаги моддий зарар қопланмаганини, у очиқда қолган тақдирда дастлабки терговдан яшириниши, жиноий ҳаракатларни давом эттириши, гувоҳларни кўндириши ва далилларни йўқ қилиши мумкинлигини инобатга олиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни сўраган.
Суд Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномасини қаноатлантирган ҳолда Воитовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни лозим топган. Шунингдек, у ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.
Маълумот учун, Азиз Воитов 1980 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий, Тошкент молия институти ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида турли лавозимларда (2000-2017 йй), 2017-2020 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ Бошқаруви Раиси вазифасини бажарувчи лавозимида фаолият юритган. 2022-2023 йилларда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, Азиз Ботирович Воитов 2022 йилнинг август ойида Президент Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тайинланганди.
LiveБарчаси