Вертолёт қулаши оқибатида Эквадор разведка хизмати раҳбари ҳалок бўлди
Олам
−
10:15 729 1 дақиқа
Кениянинг Самбуру округида сайёҳларни олиб кетаётган вертолёт ҳалокатга учраши оқибатида 7 киши, жумладан 5 нафар АҚШ фуқароси ва Эквадор разведка хизмати раҳбари ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Маълум қилинишича, вертолёт мамлакат шимолидаги ёввойи табиат қўриқхонаси ва сафари маскани ҳисобланган Loisaba Conservancy ҳудудига учаётган бўлган. Ҳалокат оқибатида бортдаги 6 нафар йўловчи ва учувчи вафот этган.
АҚШ Давлат департаменти ҳалок бўлганлар орасида 5 нафар америкалик борлигини тасдиқлаган. Эквадор Президенти девони эса мамлакат разведка хизмати раҳбари Микеле Сенси-Контуги ва унинг АҚШ фуқаролигига эга рафиқаси Стефани Холлихан ҳам ҳалок бўлганини маълум қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокат сабаби ҳозирча аниқланмаган. Сайёҳлик компанияси ҳодиса юзасидан тегишли идоралар билан ҳамкорлик қилаётганини билдирган.
Кения Қизил Хоч жамияти ҳалокат жойидаги қидирув-қутқарув ишлари ҳудуднинг мураккаб рельефи ва ёнғин сабаб қийинлашганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ армиясининг Форт-Худ базасига бириктирилган “Апачи” ҳарбий вертолёти Техас штатида ҳалокатга учраши оқибатида 2 нафар аскар ҳалок бўлганди.
Live
Барчаси