Венгрияда ҳам Швециянинг НАТОга кириши тасдиқланмади. Бунга сабаб нима?

Олам

image

Венгрия парламенти Швециянинг НАТОга киришини ҳозирча маъқуллай олмайди, чунки кўплаб депутатлар швед сиёсатчиларининг Венгрия ички ишларига аралашувидан хавотирда ва бу альянсда икки давлат ўртасида келажакдаги ҳамкорликни мураккаблаштириши мумкин. Венгрия Бош вазирининг сиёсий маслаҳатчиси Балаж Орбан бугун, 26 март куни миллий парламент Финляндиянинг НАТОга аъзо бўлиш тўғрисидаги битимни 27 март куни ратификация қилишни режалаштираётгани, аммо Швеция масаласини кейинга қолдириш ниятида эканини тушунтириб берди.

“Вазият ойдек равшан: Венгрия ҳукумати Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлашга қарор қилди, энди ҳаммаси парламентга боғлиқ. Аммо кичик бир муаммо бор: Венгрия депутатларининг айримлари хавотирда, чунки улар сўнгги йилларда Швеция ҳукумати амалдорлари – вазирлар, Бош вазирлар ва сиёсатчилар доимий равишда венгриялик сайловчиларни ва уларнинг вакилларини, шу ўринда, бутун мамлакатни ҳақорат қилиб, Венгрия демократиясининг аҳволига шубҳа билдиришди”, деб ёзган Орбан Facebook'даги саҳифасида.

Унинг фикрича, шведлар венгриялик депутатларни бу келажакда муаммо бўлмаслигига ишонтиришлари керак. Бош вазир маслаҳатчисининг айтишича, ҳозирда Европа Иттифоқидаги ушбу икки давлат сиёсий ҳамкорлиги жуда ёмон аҳволда. Бу эса томонларнинг бошқа халқаро альянс – НАТОда ҳамкорлик қилиши вазиятни қай тарафга ўзгартиради, деган саволни кўндаланг қўяди.

“Венгрия Швеция ички сиёсати бўйича позицияни эгалламайди ва биз Швециядан Венгрия масалаларига ҳам худди шундай ёндашишини кутамиз”, дейди Балаж Орбан. 

Унинг сўзларига кўра, венгриялик депутатлар швед ҳамкасбларидан бу борадаги сиёсий баҳслар ортда қолаётгани ва келажакда икки томонлама ҳамкорликка ҳеч нарса халақит бермаслиги ҳақидаги кафолатларини эшитишни истайди.

Шунингдек, Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ҳам жорий йилнинг 23-24 март кунлари Брюсселда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи саммити чоғида Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон билан суҳбатда буларнинг барчасини айтиб ўтган. Шу билан бирга, Швеция Бош вазири Венгрияга босим ўтказишга уринишдан огоҳлантирилган, чунки бу парламентдаги ратификация жараёнини секинлаштириши маълум қилинган. 

“Финляндия билан маслаҳатлашувлар чоғида бу муаммолар ҳал этилган ва Венгрия парламенти 27 мартдаги йиғилишида унинг иттифоққа киришини маъқуллашга қарор қилган. Аммо, Швеция мисолида бу ҳали содир бўлгани йўқ ва шунинг учун биз Швеция ҳукумати ва сиёсатчиларидан Венгрия парламенти аъзоларини тинчлантиришини кутмоқдамиз. Бизнинг мақсадимиз Швециянинг НАТОга қўшилиши иложи борича кўпроқ депутатлар томонидан маъқулланишини таъминлашдир”, дея хулоса қилган Балаж Орбан.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси ҳам Финляндиянинг НАТОга аъзолиги ҳақидаги протоколни тасдиқлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Швеция Венгрия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг