Венгрия ЕИнинг Россияга қарши санкцияларини блокламоқчи

Олам

image

Венгрия Евроиттифоқнинг Россия атом энергетикаси ташкилотларига қарши санкциялар қўллашга уринишларига тўсқинлик қилишда давом этади. Бу ҳақда бугун, 25 май куни Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто Брюсселда иқтисодиёт ва минтақавий ривожланиш масалалари билан шуғулланувчи Европа Иттифоқидаги мавқедошлари билан учрашувдан сўнг маълум қилди.

ТИВ раҳбари ҳозирда муҳокама қилинаётган Россияга қарши санкцияларнинг 11-пакети ядро саноати учун ҳеч қандай чекловларни ўз ичига олмаслигини таъкидлаган. 

“Бундай пакетга дарҳол вето қўйганимиз ҳамма учун аён эди”, деган Сийярто венгриялик журналистлар билан учрашувда. 

Вазирнинг таъкидлашича, шу пайтгача Венгрия Россия атом энергетикасига қарши санкциялар қўллашга уринишларни жиловлай олган ва буни давом эттириш ниятида. Венгриянинг бундай позицияси “Росатом” билан “Пакш-2” АЭС лойиҳаси бўйича ҳамкорлиги билан боғлиқ.

Айтиш жоизки, Еврокомиссия Венгрия ва Россия томонидан Пакшда яна иккита ядровий реактор қуриш бўйича ҳужжатларда келишилган ўзгартиришларни маъқуллаган. Сийярто мазкур ҳолат инвестицияларни жадаллаштириш ва ушбу лойиҳа учун молиявий операцияларни соддалаштириш имконини беришини қайд этган. 

“Бу яхши янгилик, чунки Пакшдаги атом электр станциясининг қўшимча энергоблоклари қурилиши Венгрия энергетика хавфсизлигининг узоқ муддатли кафолатидир”, дейди Ташқи ишлар вазири.

Маълумот учун, совет технологияси асосида Россия ядро ёқилғисидан фойдаланган ҳолда қурилган “Пакш” АЭС Венгрияда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ярмини ва истеъмол қилинадиган электр энергиясининг учдан бир қисмини таъминлайди. Будапештдан 100 км жанубда, Дунай қирғоғида жойлашган станцияда ВВЭР-440 реакторлари ўрнатилган тўртта энергоблок мавжуд. Шу билан бирга, “Росатом” лойиҳаси доирасида иккинчи босқич объектларини қуришга тайёргарлик кўрилмоқда. Москва 12,5 миллиард еврога баҳоланган ва бошиданоқ 80 фоизи Россия кредити ҳисобига амалга оширилиши керак бўлган ушбу лойиҳани молиялаштиришга тайёрлигини тасдиқлаган. Венгрия иккита янги ВВЭР-1200 ядро реактори ишга туширилгач, станция қуввати ҳозирги 2000 мегаваттдан 4400 мегаваттгача ошишини кутмоқда.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украинанинг Россия агрессиясини қайтаришга қаратилган саъй-ҳаракатлари муваффақиятсизликка учрашига ва Ғарбнинг кейинги ёрдами кўпроқ қурбонларга олиб келишига ишончи комил.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия санкция Венгрия Евроиттифоқ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг