Самарқандда уй қулаши бўйича янги тафсилотлар очиқланди
3-саҳифа
−
15 Май
43276Аввалроқ, Самарқанддаги маҳаллалардан бирида котлован қазиш жараёнида қўшни уй қулаб тушгани ҳамда ҳолат юзасидан жиноий иш очилгани ҳақида хабар бергандик. Қурилиш вазирлиги мазкур ҳолат бўйича қўшимча маълумот берди.
Маълум қилинишича, фуқаро Б.И.га тегишли бўлган Самарқанд кўчасидаги 26-уйни реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудидан қўшимча бино ва иншоотларни қуришга Паст Дарғом тумани Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлимининг 2024 йил 20 январдаги рухсатномаси берилган.
Мазкур ҳужжатга асосан Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан 2024 йил 2 февралда архитектура режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилган. “Мезана Проект” МЧЖ ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжати Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2024 йил 4 мартдаги хулосаси билан келишиб берилган.
“Мезана Проект” МЧЖ ишлаб чиққан лойиҳа ҳужжати Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертиза қилиш республика маркази Самарқанд вилояти филиали томонидан кўриб чиқилиб, 2024 йил 26 мартда экспертиза хулосаси олинган.
Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекциясидан объектда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун рўйхатдан ўтказилган.
Ўрганиш жараёнида фуқаро Б.И. томонидан ўзбошимчалик билан “Мезана Проект” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларига амал қилмасдан, пойдевор қуйиш учун ер қазиш ишларини олиб борганлиги сабабли қўшни хонадон пойдевори остидаги тупроқнинг чўкиши оқибатида турар жойнинг бир қисми қулаб тушгани аниқланган.
“Мазкур ҳолат юзасидан соҳа вакилларидан иборат экспертларнинг ўрганиш натижаларига оид хулосасига асосан яна қўшимча маълумот тақдим қилинади”, дейилади хабарда.