Ўзини рус деб билганлар Донбассдан кетсин — Зеленский
Олам
−
05 Август 2021
8986Ўзини рус деб ҳисоблайдиган Донбасс аҳолиси Россияга кўчиши керак, чунки эртами-кечми минтақа Украинага қайтади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Зеленский
Украинанинг “Дом” телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
Бу канал Киев томонидан назорат қилинмайдиган Донбасс ҳудудларида трансляция қилиш учун махсус ташкил этилган, унинг дастурлари рус тилида эфирга узатилади. Таъкидланишича, Зеленский ҳам рус тилида гапирган.
“Агар сиз бугун Донбасснинг вақтинча босиб олинган ҳудудида яшасангиз ва “бизнинг ишимиз тўғри”, “биз русмиз” деб ўйласангиз, Донбассда қолиш катта хато. Чунки бу ҳудудда Украинасиз цивилизация бўлмайди”, деган Зеленский.
Украина Президентига кўра, Донбасс ҳеч қачон Россия ҳудуди бўлмайди.
“Агар сиз Россияни яхши кўрсангиз ва бутун умр Украина ҳудудида бўлиб, уни Россия деб ҳис қилсангиз, фарзандларингиз ва набираларингиз учун аллақачон Россиядан ўз жойингизни қидиришингиз керак. Бу тўғри”, деган Украина давлати раҳбари.
Шу билан бирга, у ўзларини украин деб ҳис қиладиган, украин байроғини ва тилини ҳурмат қиладиган Донбасс аҳолисини қолишга чақирган.
“Чунки бу ер ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтарилади”, деган Зеленский.
Маълумот ўрнида, Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Бунинг оқибатда шу вақтга қадар 13 минг киши ҳалок бўлган.
Низо бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томонда икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки ҳудуд Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган.
Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. Бироқ, уларни Россия қўллаб-қувватлаб келаётгани маълум.