Ўзимдан ўтганини ўзим биламан – “Бахти Ташкентский”нинг акаси (видео)
3-саҳифа
−
12 Февраль 7147 2 дақиқа
“Кўча” ҳавас қиладиган нарса эмас. Бу ҳақда жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаевнинг акаси, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган Шуҳрат Қудратуллаев Ички ишлар вазирлигининг “Сўнгги пушаймон” лойиҳасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Панжара ортида ҳозир мана 12-йил, ундан олдин 10 йил “Жаслиқ” 71-колонияда ўтирдим. 2007 йилдан 2017 йиллигача. Ҳозир мана 10 йил 6 ойга “кесилганман”. Ўтмиш қўймасакан, яна шу жойларга келиб қолдим. Ўтмишда кўча ҳаётини ҳавас қилиб яшаганмиз. Кейинчалик ҳавас қиладиган нарса эмаслиги билдик. Кўп нарса йўқотдик: жигарларимизни, оиламизни, болаларимизнинг ёшлигини. Керакли бўлган пайтда оиламизни олдида бўла олмадик. Ўзимиз сабабчи бўлиб шунақа жойларга келиб қолдик. Ўзимдан ўтганини ўзим биламан”, дейди у.
Шунингдек, у ҳозирда озодликда бўлганида қўлдан келганча давлатга фойдали бўлишини, фойдаси тегмаса ҳам зарари тегмаслигини айтган.
“Ёшларга тўғри йўлда юришини айтаман. Мана, Президентимиз шароит яратиб беряптилар. Тадбиркорлик қилиб, ўқишларда ўқисин. Ёшларга қонун устуворлигини, қонунни ҳурмат қилишини, афсусдалигимни, пушаймонлигимни айтаман. Ўзимдан, оиламдан сезаман бу нарсани. Оилам ҳам қийналиб кетди. Ҳозир 60 га чиқяпман”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Бахти Ташкентский”нинг ўғли, 11 йилга озодликдан маҳрум этилган Бекзод Зафаров отасининг йўлидан кетмоқчи бўлганини, бироқ бу йўл хатолигини тушунганини айтган эди.
“Бахти Ташкентский” иши
2024 йилнинг июль ойида жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида “Бахти Ташкентский”га оид иш бўйича суд ҳукми эълон қилинганди. Суд ҳукмига кўра, Бекзод Зафаров 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланган. “Бахти Ташкентский”нинг кичик ўғли Ихтиёр Қудратуллаев эса 9 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жазони умумий колонияда ўташ белгиланган. Қудратуллаевнинг тўнғич ўғли Бекзод Зафаров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми “в” банди, 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “в” банди билан айбланиб қўлга олинган. Давлат айбловчиси суддан Бекзод Қудратуллаевни 11 йил муддатга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.
Олдинроқ эса суд Бахтиёр Қудратуллаевни 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш, унинг акаси Шуҳрат Қудратуллаевни 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, мазкур иш доирасида судланганлар орасидаги ягона аёл судланувчи Наргиза Жуманиёзовани эса 4 йил-у 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси