Ўзбекистоннинг ер ости бойликлари 3 триллион долларга баҳоланмоқда – Шавкат Мирзиёев

Жамият

image

Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев юқори қўшилган қиймат занжирларини кенгайтириш ва саноатни янги технологик босқичга олиб чиқиш Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.

Давлат раҳбарининг қайд этишича, Ўзбекистон олтин, мис, уран, вольфрам, газ ва бошқа қатор стратегик хомашё захираларига бой мамлакат ҳисобланади. Мамлакат ер ости бойликларининг умумий қиймати 3 триллион долларга баҳоланмоқда.

Президентнинг маълум қилишича, соҳадаги имкониятларни хорижий инвесторлар учун янада очиқ қилиш мақсадида рақамли геология маълумотлари базаси яратилади. Шунингдек, аукционга чиқариладиган конлар сони тўрт бараварга оширилади.

Қайд этилишича, “қазиб олишдан тайёр маҳсулотгача” бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш мақсадида Тошкент ва Самарқандда ташкил этилаётган “Келажак металлари” технопаркларига хорижий сармоялар фаол жалб қилинади.

Шу билан бирга, машинасозлик, робототехника, енгил саноат, қурилиш материаллари, электротехника ва фармацевтика каби иқтисодиётнинг драйвер тармоқларида умумий қиймати 20 миллиард долларлик инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш таклиф этилди.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда капитал бозорини янада ривожлантириш ва инвестиция оқимини диверсификация қилиш бўйича янги ташаббусларни эълон қилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг