Ўзбекистоннинг Дубайдаги бош консули тайинланди
Жамият
−
26 Январь
5509Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги консуллигига Камол Икромов бош консул этиб тайинланди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди
Камол Икромов Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлигининг Дубай бўлими директори Шайх Мактум бин Бутти Ал Мактум билан учрашган ва консуллик патентини қабул қилиб олган.
Шайх Ал Мактум янги тайинланган бош консулни Амирликлардаги дипломатик миссиясининг бошланиши билан табриклаган ва унинг дипломатик фаолиятида муваффақият тилаган.
“Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Иқтисодиёт, савдо, сармоя, юқори технологиялар, инновациялар, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт, туризм, фан ва маданият соҳаларида ўзаро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш истиқболлари хусусида фикр алмашилди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, янги бош консул 44 ёшда. У Дубайга тайинланишидан аввал 2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Нью-Йорк шаҳридаги бош консули бўлиб ишлаган. Камол Икромов Ўзбекистоннинг Дубайдаги Бош консуллигига 2019-2024 йилларда раҳбарлик қилган Алишер Саломов ўрнига тайинланган.
Ўзбекистон Бош консулхонаси консуллик округига Дубай, Шаржа, Рас аль-Хайма, Ажман, Ум аль-Кувейн ва Фужайра амирликлари киради.