Ўзбекистоннинг Андоррадаги биринчи элчиси Макрон билан учрашди

Жамият

image

Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов Андорра ҳамраиси, Франция Президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.

Маълум қилинишича, ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидан сўнг, икки ўртада мулоқот бўлиб ўтган. Мулоқот чоғида дипломат Франция раҳбарига Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев номидан самимий салом ва эзгу тилакларни етказган. Эммануэль Макрон ҳам Ўзбекистон раҳбарига ўз ҳурмати ва миннатдорлигини билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаган.

Қолаверса, Франция етакчиси Ўзбекистон билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим вазифа эканини алоҳида таъкидлаб, элчининг профессионал дипломатик маҳорати мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни янада ривожлантиришга ишонч билдирган.

“Биз Ўзбекистон билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта аҳамият қаратамиз ва барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёрмиз”, деган Эммануэль Макрон.

Маълумот учун, Фаррух Турсунов Ўзбекистоннинг Испаниядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифати 2023 йил 7 декабрь куни Мадрид шаҳрига борган. Дипломат 2024 йил 9 апрель санасида Ўзбекистон элчиси сифатида Испания Қироли Филипп VI га ишонч ёрлиқларини топширган. 
Шунингдек, Фаррух Турсунов Ўзбекистоннинг “БМТ Туризм” ташкилотидаги (аввалги Бутунжаҳон туризм ташкилоти) доимий вакили ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Президенти Эммануэль Макроннинг таклифига биноан жорий йилнинг 11-13 март кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлиши ҳақида хабар берилганди. Ташриф доирасида Париж шаҳрида олий даражадаги музокара ва тадбирлар, Франциянинг расмий ва ишбилармон доиралари билан қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Эммануэль Макрон Андорра Фаррух Турсунов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг