Ўзбекистонлик вазир Илҳом Алиевга Мирзиёевнинг саломини етказди
Олам
−
21 Май
4013Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовни қабул қилди. Бу ҳақда Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Лазиз Қудратов қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини давлат раҳбарига етказган. Ўзбекистон раҳбари мамлакатлар ўртасидаги шериклик даражасини юксак қадрлашини қайд этган. Меҳмон Ўзбекистон Озарбайжон Президентининг узоқни кўзлаган ва оқилона сиёсати натижасида эришилаётган муваффақиятларни мамнуният билан қабул қилишини алоҳида урғулаган. Лазиз Қудратов Озарбайжоннинг халқаро майдондаги нуфузи мустаҳкамланиб, иқтисодиёти жадал ривожланиб, инвестициялар ҳажми ошиб бораётганини айтган. Глобал муаммоларга қарамай, Озарбайжон инфляцияни жиловлашга муваффақ бўлганини билдирган.
Меҳмон, шунингдек, Президент Илҳом Алиев бошчилигида босиб олинган ҳудудларнинг қайтарилиши ва тарихий адолатнинг тикланиши нафақат Озарбайжон, балки бутун туркий давлатлар тарихида муҳим воқеа бўлганини алоҳида таъкидлаган. Вазир ушбу тарихий воқеа Ўзбекистонда катта қувонч билан кутиб олинганини билдирган. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаётгани учун давлат раҳбарига миннатдорлик изҳор этган.
Президент Илҳом Алиев Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилаклари учун миннатдорлик билдириб, ўзининг саломини Ўзбекистон Президентига етказишни сўраган.
Давлат раҳбари Озарбайжон Ўзбекистон Президенти бошчилигида амалга оширилаётган тараққиёт жараёнларини катта қизиқиш билан кузатаётганини айтган.
“Ўзбекистон Президентининг иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий ва бошқа барча соҳаларни ривожлантиришга қаратилган сиёсати аниқ самаралар бермоқда. Президент Илҳом Алиев Ўзбекистонга ташрифини мамнуният билан эслаб, ташриф чоғида саноат салоҳиятини юксалтириш, мамлакатимиз тарихий-маданий меросини муҳофаза қилиш билан боғлиқ масалалар муваффақиятли ҳал этилганига гувоҳ бўлганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ҳамкорлигимизни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик келгусида ҳам давом этишига ишонч билдирди.
Президент Илҳом Алиев Озарбайжон суверенитетини тиклаш йўлида Ўзбекистон ва ўзбек халқининг кўрсатаётган ёрдамини алоҳида қадрлайди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Фузули ва Шуша шаҳарларига қилган саёҳатига ҳам тўхталар экан, Президент ва Ўзбекистон халқининг туҳфаси бўлган Фузули шаҳрида мактаб очилиши рамзий маънога эга эканини таъкидлади”, дейилади Президент Матбуот хизмати баёнотида.
Президент Илҳом Алиев Лазиз Қудратовнинг мамлакатга ташрифи иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга доир лойиҳаларни яна бир бор кўриб чиқиш учун қулай имконият яратганини алоҳида урғулаган.
LiveБарчаси