Ўзбекистонлик мигрантларга компенсация тўланади
Жамият
−
22 Апрель 16264 2 дақиқа
Эндиликда Ўзбекистонда меҳнат мигрантларининг ишчи виза, тил сертификати ва йўл чиптаси олиши учун компенсация тўланади. Бу ҳақда бугун, 22 апрель куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ташкиллаштирилган тартибда ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, “Хорижга ишга тайёрлаш маркази” ташкил этилади ва унда “Ягона дарча” тамойили асосида меҳнат миграциясига доир хизматлар кўрсатилади.
Шунингдек, йўловчи автобуслар сонини кўпайтириш орқали хорижга вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ва қайтаётган фуқароларни ташишда арзон ва тартибли транспорт қатнови йўлга қўйилади.
Қарор билан “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган ҳамда меҳнат миграциясида бўлган фуқароларга субсидия, компенсация ва кредитлар ажратиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.
Низомга кўра, “Хорижда иш” меҳнат миграцияси электрон дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган ва ташкиллаштирилган ҳолда меҳнат миграциясига кетаётган фуқароларга қуйидаги харажатларни қоплаш бўйича субсидия ва компенсациялар ажратилади, жумладан:
- чет тиллари ва (ёки) касб бўйича малака имтиҳонларини топшириш харажатларини қоплаш учун, улар муваффақиятли топширилганда ва сертификат олинганда – БҲМ нинг 3 бараваригача (1 млн 125 минг сўм);
- хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга “ишчи виза”ни расмийлаштириш харажатларини қоплаш учун – БҲМнинг 5 бараваригача (1 млн 875 минг сўм);
- йўл чиптасини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – БҲМнинг 2 бараваригача миқдорда (750 минг сўм);
- немис, инглиз, япон ва корейс тиллари бўйича камида B1 ёки унга тенглаштирилган даражадаги халқаро сертификат олган битирувчилари энг кўп бўлган 50 нафаргача ўқитувчига – 50 миллион сўм миқдорида.
Вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкиллаштирилган ҳолда ривожланган мамлакатларга чиқиб кетаётган фуқароларга тижорат банклари томонидан 10 миллион сўмгача Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга юқори ставкада 2 йил муддатга микрокредитлар ажратилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Олимжон Абдуллаев Корея Республикаси элчиси Вон До Ён билан учрашув ўтказиб, Ўзбекистон ва Жанубий Корея виза талабларини соддалаштириш ва ўзбекистонлик мавсумий ишчилар учун қулай имкониятларни яратиш масалаларини муҳокама қилганди.
Live
Барчаси