Ўзбекистонда фаол фуқароларга имтиёзлар берилиши мумкин

Local

−

image

Ўзбекистонда жамият ҳаётида фаол иштирок этган фуқароларга олий таълим контрактининг 5 фоизи, автомобиль хариди учун олинган кредит бошланғич бадалининг эса 3 фоизигача қоплаб берилиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 5 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган “Фуқароларни “Жамиятдаги фаол фуқаро” деб топиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарор лойиҳасида белгиланган.

Унга кўра, “Жамиятдаги фаол фуқаро” мақомини олишни истаган фуқаролар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиши мумкин. Аризалар ҳар ойнинг 15-санасига қадар қабул қилинади. Давлат хизмати бепул кўрсатилади.

Мурожаатга фуқаронинг жамият ҳаётидаги фаоллигини тасдиқловчи фотосурат, видео, мақола ва бошқа материаллар илова қилиниши керак. Аризалар “Рақамли маҳалла” платформаси орқали кўриб чиқилади.

Фуқаролар бешта ижтимоий йўналиш бўйича “бир соат – бир балл” тамойили асосида баҳоланади. Ҳар бир йўналиш учун энг юқори 20 балл берилади. Бунда:

  • “Яшил макон” лойиҳаларида ва кўчат экиш тадбирларида фаол қатнашган фуқароларга туман ёки шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бўлими томонидан 20 баллгача берилади;
  • ёлғиз кексалар ҳамда ногиронлиги бўлган, ўзгаларнинг парваришига муҳтож шахсларга ғамхўрлик қилганлар “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан 20 баллгача баҳоланади;
  • маҳалладаги низоли оилалар масаласини ҳал этишда жамоатчи медиатор сифатида иштирок этганларга маҳалладаги хотин-қизлар фаоли 20 баллгача беради;
  • маҳалла ҳашарлари ва жамоатчилик тадбирларида фаол қатнашган фуқаролар маҳалла раиси томонидан 20 баллгача баҳоланади;
  • маҳалладаги ёшларни хорижий тиллар ва касб-ҳунарга бепул ўқитган кўнгиллиларга ёшлар етакчиси томонидан 20 баллгача берилади.

Шундай қилиб, бешта йўналиш бўйича жами 100 балл тўплаш мумкин. “Жамиятдаги фаол фуқаро” мақомини олиш учун эса камида 75 балл талаб этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳар бир туман ва шаҳар бўйича бир йилда 208 нафар фуқаро ушбу мақомга эга бўлиши белгиланган. Баллар тенг бўлган тақдирда, биринчи бўлиб мурожаат қилган фуқарога устунлик берилади.

“Жамиятдаги фаол фуқаро” деб топилганларга давлат хизматларини кўрсатишда қонунчиликда белгиланган йиғим ва тўловлар бўйича 10 фоиз чегирма берилади. Бунда давлат божи ва юридик шахс вакили сифатида қилинган мурожаатлар мустасно.

Шунингдек, давлат олий таълим ташкилотларида ўқиш учун тузилган контракт тўловининг 5 фоизи қоплаб берилади. Автомобиль хариди учун кредитнинг бошланғич бадалидан эса 3 фоиз қопланади. Бунда ажратиладиган маблағ базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан ошмаслиги керак.

Мақомга эга бўлган фуқаролар “Фаол фуқаро” нишони билан тақдирланади, уларнинг яшаш хонадонига эса махсус белги ўрнатилади. Ушбу мақом бир йил давомида амал қилади.

Жамоатчилик муҳокамаси жорий йил 20 ноябрга қадар давом этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кун давомида камида 10 минг қадам юрган фуқароларни рағбатлантиришга қаратилган “Ўн минг қадам пиёда” акцияси йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends