Ўзбекистонлик боксчи IBA камари учун жанг қилади
Спорт
−
10:30
3528Ўзбекистонлик профессионал боксчи Саиджамшид Жафаров 31 январь куни IBA Чемпионлар оқшомида қатнашади. Бу ҳақда Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси матбуот хизмати хабар берди.
Манбага кўра, ўша куни Москва шаҳридаги “Лужники” мажмуаси мезбонлик қиладиган ушбу бокс оқшомида Жафаров россиялик Дмитрий Захаровга қарши рингга кўтарилади. 71 кг вазн тоифасида ташкил этиладиган 6 раундлик жанг “IBA Pro European Champion” камари учун кечади.
Турнирнинг co-main-event жанги оғир вазн тоифасида ўтказилиб, унда Баҳодир Жалоловнинг собиқ рақиби бельгиялик Жек Муловайи россиялик Артем Сусленков билан тўқнаш келади. Мазкур 10 раундлик жанг ғолиби ҳам “IBA Pro European Champion” камарини қўлга киритади.
Оқшомнинг марказий жанги супероғир вазнда россиялик Муслим Гаджимагомедов ҳамда Жанубий Африка Республикаси боксчиси Мчуну Табисо ўртасида бўлиб ўтади. Ўн раундлик жанг ғолиби “IBF Europe” камарига эга чиқади.
Маълумот учун, Саиджамшид сўнгги жангини ўтган йилнинг 30 ноябрь куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида ташкил этилган “RCC Boxing Promotions” промоутерлик компанияси турнирида россиялик Гор Оганесянга қарши ўтказиб, очколар ҳисобига кўра ғалаба қозонганди. Бу ҳаваскор боксда жаҳон чемпионати совриндори бўлган Саиджамшиднинг профбоксдаги дебют жанги бўлганди.
LiveБарчаси