Ўзбекистонга Афғонистондаги вабо кирганми? Отабеков жавоб берди
Саломатлик
−
25 Июль 2022
33864Афғонистонда аниқланган вабо касаллиги Ўзбекистонга кириб келгани ҳақида тарқалган маълумотлар мутлақо ёлғон. Ўзбекистонда шу пайтга қадар бирор марта вабо касаллиги аниқланмаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Отабеков маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, вабо (cholera) ингичка ичакнинг зарарланиши, интоксикация, умумий аҳволнинг оғирлашуви ва организмнинг сувсизланиши билан давом этадиган ўткир инфекцион ўта хавфли ичак касалликларидан бири ҳисобланади.
Вабо вибриони дарё сувида 18 кундан 5 ойгача, музда бир неча ой, ариқларда бир неча кун, денгиз сувида икки ҳафта, совуқ вақтда нажасда бир неча ой, ахлат чуқурларида 3 ойгача, ички кийимларда 2 ой, қум тупроқда бир неча ой, сув ҳавзаларида 15—30 кун, сут ва ёғда бир ойгача, картошкада 2 ҳафтагача, ҳўл мевада бир неча кунгача тирик қолиши мумкин.
Отабековнинг сўзларига кўра, вабонинг классик вабо ва Эль-Тор вабоси деган 2 тури бор. Шунга кўра, вабо микроби (вибрион деб аталади) классик вабо вибриони ва ЭльТор вибриони деб аталадиган икки хилга ажратилади. Дезинфекцияловчи моддалар вибрионни тез ўлдиради. Сув қайнатилганда ҳам вибрион тез ўлади.
“Вабо профилактикасида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, ифлосланган оқава сувларни мунтазам равишда зарарсизлантириш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда санитария-гигиена қоида ва талабларига қатъий равишда амал қилишнинг аҳамияти катта”, дейди Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг Қашқадарё вилояти бошқармаси Қарши магистрал каналининг Қарши туманидаги “Мирмирон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан олинган сув намунасида вабо вибриони аниқланганини маълум қилганди.