Қаршидаги каналда вабо вибриони аниқланди
Жамият
−
22 Июль 2022
70856Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Қарши магистрал каналининг Қарши туманидаги “Мирмирон” МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмидан олинган сув намунасида вабо вибриони аниқлангани айтилган хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг вилоят бошқармаси Матбуот хизмати изоҳ берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 5 июнь куни Республика ўлат профилактика марказининг вилоят филиали ходимлари томонидан Қарши магистрал бош каналининг Қарши тумани “Мирмирон” МФЙ ҳудудидаги Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят бўйича минтақавий филиали рўпарасидаги очиқ сув ҳавзасидан текшириш учун олинган сув намунасидан вабо вибриони (касаллик чақирмайдиган тури) аниқланган.
Шу сабабли аҳоли ўртасида вабо касаллигининг олдини олиш мақсадида мазкур ҳудудда профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни олиб бориш бўйича “Ўзбекистон мустақиллиги” оилавий поликлиникаси мудирасига билдириш хати юборилган.
Санитария-эпидемиология хизматининг Қарши тумани бўлими томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқларига асосан юқорида қайд этилган ҳудуд атрофида яшовчи аҳоли орасида ўткир ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш бўйича тарғибот тадбирларини кучайтириш, поликлиникага ўткир диарея ташхиси билан мурожаат қилганлардан клиник ҳамда эпидемиологик кўрсатма бўйича вабо касаллигига текшириш учун намуналар олиб, лабораторияга юбориш бўйича топшириқ берилган.
Текширишлар натижасида мазкур ҳудудда вабо касаллигига гумон қилинган беморлар аниқланмаган. Юқорида қайд этилган очиқ сув ҳавзасидан 19 июль куни вабо касаллигига текшириш учун қайта намуналар олинган. Текширув натижалари бўйича вабо вибрионлари қайд этилмаган.
“Мазкур ҳудудда аҳоли ўртасида эпидемиологик барқарорлик таъминланганлиги ва хавотирга ўрин йўқлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Аввалроқ, Афғонистонда вабо тарқалгани ва бир суткада 40 киши ушбу касалликдан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур хабар фонида Ўзбекистонда ҳам касалликка қарши чоралар кучайтирилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь