Афғонистонда 40 киши вабодан ўлиши фонида Ўзбекистонда ҳам чоралар кучайтирилди
Саломатлик
−
16 Июль 2022
19634Афғонистонда вабо тарқалиши ва бир суткада 40 киши ушбу касалликдан вафот этиши ортидан Ўзбекистонда ҳам касалликка қарши чоралар кучайтирилди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, мамлакатда вабо касаллиги тарқалишини ва келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида қуйидаги чоралар кўрилмоқда:
• касалликлар четдан кириб келишининг олдини олиш мақсадида республика бўйича бугунги кунда давлат чегараларини кесишиш жойларида 54 та санитария-карантин пунктлари (кейинги ўринларда – СКП деб юритилади) фаолият кўрсатиб келмоқда, шулардан 36 таси автомагистрал йўлларда, 11 таси халқаро аэропортларида, 6 таси темир йўл ва 1 таси дарё портида ташкил этилган;
• Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чегарадан кириб келаётган йўловчиларни тиббий-санитария кўригини яхшилаш мақсадида барча халқаро аэропортлар ва автомагистрал йўлларда жойлашган йўловчи ўтиш оқими юқори бўлган СКПлар замонавий тепловизорлар ва контактсиз термометр (пирометр)лар билан етарлича таъминланган;
• юқумли касалликлар шифохоналарида, орал-регидратация пунктларида ўткир диареяга чалинган беморларни Соғлиқни сақлаш вазирининг амалдаги буйруқлари талаблари асосида вабога текширилиши ташкил этилган;
• касаллик мавсумида ҳар беморда чуқур эпидемиологик суриштирув ишлари ўтказилмоқда;
• Санитария-эпидемиология хизматининг махсус лабораториялари вабо касаллиги ташҳисоти бўйича керакли жиҳозлар, реактивлар ва озуқа муҳитлари билан етарли миқдорда таъминланган;
• лаборатория мутахассислари қайта тайёргарликдан ўтказилган;
• касаллик мавсумида ҳар ҳафта очиқ сув ҳавзаларидан намуналар олиб, вабо чақирувчиларига текширилиши амалга ошириб келинмоқда (НАГ ва АГ вибрионларга);
• касалликка чалинган (гумон қилинган) беморларни юқумли касалликлар шифохонасига ётқизиш мақсадида шифо-ўринлари захираси ташкил этилган;
• вабо касаллигига чалинган беморларни даволаш ишларини ташкил этиш учун зарур дори воситалар захирасини яратилган;
• давлат чегара-божхона постларидаги санитария-карантин пунктлари томонидан касалланиш тарқалган қўшни давлатлардан ташриф буюрадиган фуқароларнинг тиббий назорати кучайтирилган;
• карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар профилактикаси бўйича аҳоли ўртасида санитария-тарғибот ишларини кучайтирилган.
Вабо – vibrio cholerae микроорганизми келтириб чиқарадиган, ўткир инфекция. Касаллик диарея билан кечади, бу сувсизланиш ва қон томирлари етишмовчилигини келтириб чиқаради. Кўпинча инфекция ифлосланган сув ёки денгиз маҳсулотлари орқали юқади.