Кремль вабо ҳақидаги “миш-мишларга” ишонмасликка чақирди

World

−

image

Россияликлар Иркутск вилоятида вабо эпидемияси тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги “миш-мишларга” ишонмасликлари керак. Бу ҳақда бугун, 5 октябрь куни Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналисларнинг саволига жавобан маълум қилди.

“Ушбу соҳада ваколатли бўлган асосий идора Роспотребнадзордир. Турли миш-мишлар ва турли муҳокамаларга қулоқ солмай, айнан Роспотребнадзорнинг расмий баёнотларига таяниш керак”, дейди Кремль вакили. 

У, шунингдек, Роспотребнадзорда “ушбу соҳада юқори малакали мутахассислар ишлашини” қўшимча қилган.

Идоранинг маълум қилишича, вазият бўйича “тадқиқот ва таҳлил” ўтказилган ва бу Иркутск вилоятида “барқарор санитария-эпидемиологик вазият” сақланиб қолаётганини кўрсатган. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия расмийлари жорий йилнинг 29 сентябрь куни Иркутск ўлатга қарши курашиш институти ходимаси оғир пневмония симптомлари билан шифохонага ётқизилгани ва 1 дан 2 октябрга ўтар кечаси вафот этганини хабар қилган эди.

ОАВ у вабо қурбони бўлгани ҳақида ёзди. Тaхминлардан бирига кўра, 27 ёшли аёл Мўғулистон билан чегарада ўлат ўчоғи қайд этилган Бурятияга хизмат сафаридан қайтган. Бошқа бир тахминга кўра эра, у лабораторияда хавфли бактерия солинган пробиркани тасодифан синдириб юборган. Аёлнинг ўлимидан сўнг у ётқизилган Шелехов шифохонаси карантинга ёпилган, шунингдек, марҳума билан мулоқотда бўлган 189 киши аниқланиб, шифохонага жойлаштирилган. Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев ушбу одамларда касаллик белгилари аниқланмаганини маълум қилган.

Ушбу воқеалар фонида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон эҳтиёт чораларини кучайтирди. Хусусан, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ўта хавфли инфекцияларнинг кириб келишининг олдини олиш учун масъул хизматларнинг шайлигини оширди.  

АҚШ Президенти Дональд Трамп администрацияси ҳам Россияда вабо касаллиги бўлиши мумкинлиги ва бу билан боғлиқ карантин чоралари ҳақидаги хабарларни кузатиб бормоқда. “Axios” манбасининг сўзларига кўра, Оқ уйда вазиятнинг ривожланиш “вариантлари баҳоланмоқда”.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends