Расман: Ўзбекистонда Гонконг гриппи аниқланди
Саломатлик
−
13 Декабрь 2023
19824Ўзбекистонда гриппнинг А (H3N2) тури аниқланмоқда. Гриппнинг бу тури Гонконг гриппи деб ҳам аталади. Бу ҳақда бугун, 13-декабрь куни АОКАда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Шундан сўнг ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонга Гонконг гриппи етиб келгани ҳақидаги ваҳимали хабарлар тарқала бошлади. Аҳоли орасида ваҳима уйғотмаслик мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков яна бир бор чиқиш қилди ва мамлакатда Гонконг гриппи билан боғлиқ вазият бўйича қўшимча тушунтириш берди.
Унинг айтишича, бу грипп 1960-йилда Гонконгда тарқалган вирус ҳисобланади. Ўша даврда у H2N2 вирусидан мутация бўлиб шаклланган вирус сифатида тарқалган ва бир неча Шарқ давлатларида муаммоли вазиятларни келтириб чиқарган.
“Ҳозир бу оддий, мавсумий грипп вируси ҳисобланади ва ишлаб чиқарилган вакциналарнинг барчаси ушбу вирусга нисбатан ишлайди. Демак Ўзбекистон Республикасида ҳозиргача ишлатилган 2 миллион 200 минг доза вакцина бевосита мана шу штаммга қарши ишлайди”, дейди Нурмат Отабеков.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудидаги хусусий эмлаш пунктларида мавжуд бўлган яна 3 турдаги вакцина ҳам бевосита бу йил мавсумий тарқалиши кутилаётган гриппнинг айнан шу штаммига қарши ишлайдиган қилиб тайёрланган.
“Шундай экан бундан бир жиддий хавотир қилиш, ёки бўлмаса ўзимиздан-ўзимиз Гонконг вируси қайтяпти деган бир ваҳимани ясаб олишимизга ҳеч қанақа асосни кўраётганим йўқ. Бу оддий, мавсумий вирус эканини яна бир бор эътироф этиб ўтамиз”, дейди Отабеков.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь