Ўзбекистондан Қирғизистонга 16 минг доллар олиб ўтаётган россиялик қўлга тушди
Олам
−
27 Март 2023
8280Қирғизистон чегарасидан Ўзбекистон орқали 16 минг доллардан ортиқ нақд пулни олиб ўтмоқчи бўлган Россия фуқароси қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати хабар берди.
“2023 йил 27 март куни “Дўстук-автодорожный” назорат-ўтказиш пункти чегара қўшинлари Давлат божхона хизмати ходимлари билан биргаликда чегарадан ноқонуний равишда пул маблағларини олиб ўтиш ҳолатига чек қўйди”, дейилади хабарда.
Чегара бошқармаси маълумотларига кўра, назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган россиялик Қирғизистонга Ўзбекистондан кириб келган.
Қўлга олинган маблағларнинг умумий суммаси 16 275 долларни ташкил этган. У пулларни декларация қилмасдан, Қирғизистон божхона қонунчилигини четлаб, валюта олиб ўтмоқчи бўлган.
“Тегишли ҳужжатлар тўлдирилиб, қўлга олинган фуқаро ва пуллар қўшимча тергов ўтказиш учун ваколатли орган ходимларига топширилди”, дейди чегара хизмати.
Қирғизистон қонунчилигига кўра, мамлакатга олиб кирилаётган нақд хорижий валюта мажбурий декларацияланиши керак. Гумонланувчи жаримага тортилади.
Эслатиб ўтамиз, Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида 48 дона пластик идишда, жами 72 литр ароқни ноқонуний тарзда мамлакатга олиб кирган шахслар қўлга олинган эди.
LiveБарчаси